
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбири вақтида вальс рақсга тушишни тақиқлаш бўйича буйруқ чиқармади.
Вальс тақиқи ҳақидаги хабарлар куни кеча ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Таъкидлаш жоизки, бундай хабарлар ҳар йили ўқув йилининг охирги ойида пайдо бўлади ва вазирлик уларни ҳар йили рад этади.
25 майга тўғри келадиган ўқув йилининг охирида вазирлик «Сўнгги қўнғироқ»ни ташкилий равишда ўтказиш бўйича тавсиялар, жумладан, сценарий намуналарини ва ушбу тадбирда хавфсизликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар беради.
Анъанага кўра, «Сўнгги қўнғироқ»ка ота-оналар, собиқ битирувчилар ва жамоатчилик вакиллари таклиф этилади, ўқувчилар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари ва рақслар намойиш этилади.
«Ушбу тавсияларда вазирликнинг „Сўнгги қўнғироқ“ тадбирлари вақтида ўқувчиларнинг вальс рақсга тушишини тақиқловчи алоҳида кўрсатмалари ёки йўриқномалари мавжуд эмас», — дея қайд этди ММТВ матбуот хизмати.
Шу билан бирга, вазирлик қўшимча қилишича, айрим ота-оналар мактаб маъмуриятининг фарзандларига уларнинг фикрича таълимга алоқаси бўлмаган вальс рақсга тушишига рухсат беришига қарши.
ММТВ таъкидлашича, кўпгина ота-оналар битирувчилар мактабни тугатишидан икки-уч ой олдин репетицияларга вақт сарфлаётгани, шунингдек, рақс учун қимматбаҳо костюм ва кўйлаклар буюртма қилаётганидан норози.
«Дарҳақиқат, мактаб — бу таълим олиш жойи, ўқув йилининг якунига бағишланган тадбир эса, авваламбор, маърифат байрами, билим берган ўқитувчиларга ҳурмат бажо келтириш байрамидир, — дейилади вазирлик хабарида. — Битирувчиларнинг вальси ва ушбу тадбир („Сўнгги қўнғироқ“ — таҳр.) ўртасида ҳеч қандай мантиқий боғлиқлик йўқ».
Шундан келиб чиқиб, мактаб маъмурияти тадбирлар сценарийсига вальс ижроси қисмида чекловлар киритиши мумкин, дея қайд этди вазирлик.
ММТВ «Сўнгги қўнғироқ»да вальсга тақиқ қўйилиши масалалари бўйича 712020909 рақамли «ишонч телефони»га мурожаат қилиш мумкинлигини эслатди.
Тавсиялар нималарни ўз ичига олади?
- Тадбирни соат 8:00 дан 9:00 гача ўтказиш;
- Тадбирни ташкилий ва хавфсиз ўтказиш учун унда мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиқиб, фақат 1, 4, 9 ва 11-синф ўқувчилари иштирок этиши мумкин;
- Маҳалла фаоллари, ота-оналар, собиқ битирувчилар, жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин;
- «Сўнгги қўнғироқ» мактаб ҳовлисида, боғида ёки сояли очиқ майдонда ўтказилади, мактаб ҳудудига ҳеч қандай техника воситалари олиб кирилмаслиги ёки бегоналар киришига йўл қўйилмаслиги керак;
- Хавфсизлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан таъминланади, тадбир гигиена ва тозалик, ёнғин хавфсизлиги ва техника хавфсизлиги талабларига риоя қилган ҳолда ўтказилиши лозим;
- Тадбирда аълочи битирувчилар тақдирланади ва рағбатлантирилади;
- Мактаб ҳаётида фаол иштирок этган, ўз хулқи ва интилишлари билан тенгдошларига ўрнак бўлган ўқувчиларнинг ота-оналарига ташаккурномалар («Энг фаол ота», «Ғамхўр она», «Масъулиятли ота-оналар» ва бошқалар) топширилади.
Нималар тақиқланади?
- Битирув тадбирларини ресторан ва кафеларда, шунингдек, хонадонларда ўтказиш учун ота-оналардан пул йиғиш;
- Қимматбаҳо совғалар, битирув тадбирлари учун махсус қиммат кийимлар сотиб олиш ва уларни ресторанларда ўтказиш учун ўқувчилардан пул йиғиш;
- «Сўнгги қўнғироқ», назорат имтиҳонлари ва давлат якуний аттестацияларини ўтказиш даврида, шунингдек, мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш вақтида ўқувчилар ва битирувчилардан, шунингдек, уларнинг ота-оналаридан пул йиғиш;
- Бундан ташқари, ўқувчилар гуруҳларининг боғлар, дам олиш зоналари ва чўмилиш жойларида нохуш вазиятларга тушиб қолишларига йўл қўймаслик чораларини кўриш белгиланган.