
Ўзбекистонда 8500 га яқин одам наркология бемори сифатида диспансер ҳисобида туради. Бу ҳақда 2025 йил 1 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош наркологи — Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуров маълум қилди.
Унинг маълумотларига кўра, гиёҳвандликка қарам бўлган беморларнинг 60% 46-60 ёшдаги одамлар. Бироқ сўнгги йилларда 25 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш беморлар сони ўсмоқда.
«2024 йили наркодиспансер ҳисобида турган беморлар сони 5300 кишини ташкил этган бўлса, бу 2025 кўрсаткич сезиларли даражада ошди. Бугунги кунда уларнинг сони 8500 нафарга яқин. Сўнгги беш йил ичида қарамликка эга беморлар сони 53 фоизга кўпайди. Синтетик гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш туфайли диспансер ҳисобига олинганлар сони тўрт баравар ошди. Опий гиёҳвандлиги икки баравар кўпайди», — деди Зарифжон Ашуров.
Директорнинг айтишича, стационар даволаниш учун жами 2400 ўрин мавжуд бўлиб, гиёҳвандликка қарам бўлганлар ҳам ихтиёрий, ҳам мажбурий тартибда даволанмоқда.
«Ихтиёрий даволанишда навбатлар йўқ. Лекин ўринлар сони чекланганлиги сабабли, суд қарори билан даволаниши керак бўлганларни жойлаштиришда қийинчиликлар юзага келмоқда. Биз миллий дастур доирасида бу масала ҳам кўтариладиган қарор лойиҳасини тайёрламоқдамиз. Ҳужжат наркология хизматига йўналтирилади», — дея қайд этди марказ директори.
Унинг сўзларига кўра, гиёҳвандликка қарам бўлган битта беморни даволаш давлат бюджетига йилига 60 миллион сўмгача тушади.
«Барча диспансер ҳисобида турган беморларни даволаш учун ҳар йили 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади. Шунинг учун стационар хизматни кенгайтириш ёки кўпайтиришнинг ўзи натижа бермайди. Ижобий самарага амбулатория ёки кундузги стационар ёрдамни яхшилаш орқали эришиш мумкин. Мен фақат стационар ёрдам харажатлари ҳақида гапирдим. 288 та туман ва шаҳарда ҳам наркология хизмати ташкил этилган, у ердаги харажатлар ҳам давлат бюджетидан қопланади. Бизга ажратилаётган молиялаштириш етарли эмас, дея олмайман», — деди Зарифжон Ашуров.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг маълумотларига кўра, 2025 йил январь-ноябрь ойларида 36 366 нафар бемор даволанди. Улардан 25 919 нафари — ихтиёрий, 3806 нафари — суд қарори билан. Хусусан, 1882 нафар бемор кундузги стационарда, 4759 нафари — амбулатория шароитида даволанган.
Аввалроқ Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов ёшлар орасида «дорихона гиёҳвандлиги» деб аталадиган ҳолат кенг тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова ҳам мактаб ўқувчилари орасида синтетик гиёҳванд моддалар истеъмолининг ўсишини қайд этган эди.
Ўзбекистонда «дорихона гиёҳвандлиги»га қарши кураш бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Хусусан, 2019 йил декабрь ойида кучли таъсир этувчи дори воситаларини фақат ижтимоий дорихоналарда ва қатъий равишда рецепт бўйича сотиш тартиби жорий этилган, шунингдек, бундай препаратларнинг янги рўйхати тасдиқланган (ўшанда рўйхатга «анданте», «лирика» ва «тропикамид» препаратлари киритилган).