Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларнинг деярли 400 млрд сўмини хатолик билан ечиб олди

my3.soliq.uz электрон солиқ хизматлари тизимидаги техник носозлик 30,1 минг солиқ тўловчига таъсир кўрсатиб, улардан мавжуд бўлмаган қарзлар учун маблағ ечиб олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси хабар берди.

Тадбиркорлардан жами 399,3 млрд сўм ечиб олинган. Суммалар қуйидагича тақсимланган:

  • 100 минг сўмгача — 7203 нафар солиқ тўловчидан;
  • 100 минг сўмдан 1 млн сўмгача — 10 165 нафардан;
  • 1 млн сўмдан 10 млн сўмгача — 8270 нафардан;
  • 10 млн сўмдан 100 млн сўмгача — 3780 нафардан;
  • 100 млн сўмдан 1 млрд сўмгача — 672 нафардан;
  • 1 млрд сўмдан ортиқ — 10 нафар солиқ тўловчидан.

Солиқ қўмитаси маблағларни кун охиригача солиқ тўловчиларнинг ҳисоб рақамларига қайтариш учун барча зарур чоралар кўрилаётганини таъкидлади. Тегишли хулосалар ғазначиликка юборилган, пул маблағлари автоматик равишда — ёзма аризаларсиз қайтарилади.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан ижро этилмаган инкассо топшириқномалари чақириб олинди.

2025 йил 13 август соат 18:00 ҳолатига кўра, 274,7 млрд сўм (68,8%) миқдоридаги маблағ 20 608 та субъектга қайтарилди, дейилади идора хабарида.