Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раҳбари ўзгарди

Ўзбекистон Президенти Шерзод Давлатович Қудбиевни Солиқ қўмитаси раиси лавозимидан озод қилди, деб хабар берди давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Ушбу лавозимни у 2023 йил август ойидан бери эгаллаб келаётган эди. Бундан олдин 8 ой давомида иқтисодиёт ва молия вазири бўлиб ишлаган. 2020 йил май ойидан 2022 йил охиригача Давлат солиқ қўмитасига раҳбарлик қилган. Бунгача президентнинг давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ва бошқа лавозимларда ишлаган.

Давлат раҳбари Кудбиевни президентнинг 2025 йил 20 ноябрдаги фармони билан тузилган Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси этиб тайинлади.

Шунингдек, президент қарори билан Фаррух Жаҳонгирович Пўлатов Солиқ қўмитаси раиси этиб тайинланди. Бунгача у 2022 йил март ойидан бери Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори лавозимида ишлаб келган.

Фаррух Пўлатов (1979 йилда туғилган) аввалроқ Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валюта жиноятлари ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг (ҳозирда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти) Фарғона бошқармаси бошлиғи лавозимида ҳам ишлаган. 2001 йилдан бошлаб Фарғона ва Наманган вилоятлари прокуратура органларида турли лавозимларда фаолият юритган.

У 2018 йил июль ойидан 2022 йилгача «Ўздонмаҳсулот» компаниясига раҳбарлик қилган.