Ўзбекистонда юқори технологик ва бир қатор бошқа соҳалар учун солиқ имтиёзлари жорий этилди. Тафсилотлар

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 25 декабрь куни юқори технологик тармоқлар, транспорт, креатив иқтисодиёт ва саноатнинг айрим секторлари учун солиқ имтиёзларини кенгайтиришни назарда тутувчи қонунни имзолади.

Ҳужжатга кўра, юқори технологиялардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи ставкаси ноллаштирилади. Бунда ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун қўлланиладиган ускуналарнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасидан чегириб ташланади.

Имтиёзга тушадиган юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар рўйхатини президент тасдиқлайди. Имтиёзлар ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилгандан кейин уч йил давомида амал қилади.

Сенатда 2025 йил 18 декабрь куни қонун муҳокамаси чоғида сенаторлар юқори технологик ишлаб чиқариш қайси мезонлар асосида белгиланиши ҳақида сўрашди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қонун лойиҳасида электротехника саноати соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларни уч йил муддатга фойда солиғидан озод қилишни назарда тутувчи норма мустаҳкамланганини маълум қилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида ҳозирча юқори технологик ишлаб чиқаришнинг универсал таърифи мавжуд эмас. Амалий йўналиш сифатида президентнинг 2025 йил 22 январдаги қарори (ПҚ-20) қўлланилади, унда электротехника тармоғидаги фаолиятнинг қайси турлари юқори технологик ҳисобланиши тушунтирилган.

Ҳужжатга иловада тегишли ишлаб чиқаришлар рўйхати тасдиқланган. Унга, хусусан, идентификация қилиш учун микропроцессорли модуллар ишлаб чиқариш, телефонлар, планшетлар ва уларнинг бутловчи қисмлари, компьютерлар, ноутбуклар ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқариш, шунингдек, бошқа турдаги маҳсулотлар киради. Жами рўйхат 12 та позицияни ўз ичига олади:

  • Идентификация қилиш учун мўлжалланган микропроцессорли модуллар.
  • Уяли ва бошқа симсиз алоқа тармоқлари учун телефонлар ва планшетлар, шунингдек, уларнинг бутловчи қисмлари.
  • Компьютерлар, ноутбуклар ва уларнинг бутловчи қисмлари, шунингдек, автоматлаштирилган депозит машиналари.
  • Чоп этиш, сканерлаш, нусха кўчириш ва маълумотларни узатиш қурилмалари.
  • Электрон ахборот ташувчилар.
  • Электрон тармоғи маҳсулотлари (яримўтказгичлар, микросхемалар, электрон чиплар, қуёш панеллари учун ячейкалар ва бошқалар).
  • Тиббий асбоб-ускуналар (МРТ, рентген, портатив диагностика қурилмалари ва бошқалар).
  • Роботлар ва робототехника воситалари, учувчисиз учиш аппаратлари.
  • Мис хомашёсидан тайёрланган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар (мис фольгаси, эгилувчан босма платалар, электромобилларни қувватлантириш ускуналари).
  • Технологик асбоб-ускуналар (станосозлик) ҳамда уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари.
  • Ускуналар учун шакллар ва мосламалар (пресс-формалар).
  • Электромобиллар, қуёш ва шамол электр станциялари учун батареялар ва инверторлар.

Эслатиб ўтамиз, 2028 йилгача электротехника саноатида юқори технологияларни жорий этиш ҳисобига умумий қиймати 3,3 млрд долларлик 121 та янги ишлаб чиқариш қувватини яратиш режалаштирилган. Бу мисни қайта ишлаш ҳажмини 145 минг тоннадан ортиққа (1,3 баравар) ошириш имконини бериши керак. Натижада электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баравар ортиши, тармоқдаги қўшилган қиймат улуши эса ўртача 21 фоиздан 30 фоизгача кўтарилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларнинг «қиёсий устунликлари»ни ҳисобга олган ҳолда саноат зоналари ва юқори технологик паркларда янги турдаги юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, амалдаги қувватларни кенгайтириш ва чуқур қайта ишлаш бўйича лойиҳалар, шунингдек, юқори талабга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш лойиҳалари амалга оширилади.

Вақтинчалик солиқ имтиёзлари

Хусусан, хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун 1 фоиз миқдоридаги ижтимоий солиқ ставкаси 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача узайтирилади. Имтиёз ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (3,1775 млн сўм) камида 2,5 бараварни ташкил этган тақдирда қўлланилади.

Тикув-трикотаж, пойабзал ва кўнчилик-галантерея саноати корхоналари учун 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача бўлган даврда фойда солиғи ставкаси 2 фоиз ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Ушбу имтиёзлар бир қатор шартларга бир вақтда риоя қилинганда қўлланилади. Компания даромадларининг камида 70 фоизини асосий фаолиятдан олиши керак, ходимларнинг минимал иш ҳақи эса камида икки МҲЭКМни (2,542 млн сўм) ташкил этиши лозим.

Белгиланган шартлар бузилган тақдирда солиқ имтиёзлари бекор қилинади, солиқлар пеня ҳисобланган ҳолда қайта ҳисобланади ва бюджетга ундирилади.

Қонун билан, шунингдек, 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача хорижий давлатлардан (қўшни давлатлар бундан мустасно) пайванд қилинган мевали кўчатлар, пайвандтаглар, пайвандбандлар, оналик материаллари ва янги боғлар барпо этиш учун техникаларни олиб кириш ҚҚСдан озод қилинади. Имтиёз президент томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган ташаббускорларга нисбатан қўлланилади.

Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун полиэтилен гранулаларни Ўзбекистонга олиб кириш 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январгача бўлган даврда акциз солиғидан озод этилади.

Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари ва уларнинг ихтисослаштирилган тузилмалари томонидан эмиссия қилинган облигациялар бўйича Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари бўлган юридик шахсларнинг даромадлари 2030 йил 1 январгача фойда солиғидан озод қилинади. Имтиёз облигацияларнинг муомалада бўлиш давридаги фоизли даромадларга тааллуқлидир.

2025 йил 1 майдан бошлаб «Янги Ўзбекистон» массивларида кўп квартирали уйлар қуриш учун аукцион орқали ер участкаларини ижарага олган компаниялар ижарага олинган кундан бошлаб 12 ой давомида ер солиғидан озод қилинади. Қурилиш муддатларига риоя қилинмаган тақдирда, имтиёз амал қилган давр учун солиқ икки баравар миқдорда ундирилади.

Қишлоқ хўжалиги ва доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш бўйича янги ташкил этиладиган қишлоқ хўжалиги кооперативлари учун 2025 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 январгача бўлган даврда ходимлар бўйича ижтимоий солиқ ва ЖШДС ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Креатив парклар резидентлари 2025 йил 1 майдан 2031 йил 1 январгача ходимларнинг даромадлари бўйича ЖШДС ва ижтимоий солиқни 50 фоизга камайтирилган ставкаларда тўлайдилар. Бунда улар даромад ҳажмидан қатъи назар айланмадан олинадиган солиқ тўловчилари деб тан олинади.

Қабул қилинган бошқа қонунда ҳам имтиёзлар назарда тутилган:

  • Мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий қадоқларда реализация қилувчи тадбиркорлар учун 2028 йил 1 январгача фойда солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича 1 фоизлик ставка;
  • Болалар контентини яратувчилар, Болалар контентини ривожлантириш маркази, шунингдек, миллий фильм ва сериаллар ишлаб чиқарувчиларни ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада қўллаган ҳолда 2030 йил 1 январгача фойда солиғидан озод қилиш;
  • Пахта-тўқимачилик кластерлари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари учун 2028 йил 1 сентябргача ҳамда иссиқхона хўжаликлари учун 2029 йил 1 январгача ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз қилиб белгилаш;
  • Заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚС базасини ҳисоблашнинг алоҳида тартибини 2028 йил 1 январгача жорий этиш ва бундай маҳсулотлар учун ҚҚС бўйича имтиёзларни 2026 йил 1 январдан бекор қилиш;
  • Электромобилларни қувватлантириш станциялари, Миллий инвестиция жамғармаси, гипс хомашёси ишлаб чиқарувчилар учун имтиёзлар, шунингдек, ходимларни ташиш ва овқатлантириш харажатларини ҳисобга олиш орқали саноат корхоналарига солиқ юкини камайтириш чоралари;
  • Кредитлар қайтарилмаганлиги сабабли банкларга ўтган иссиқхона хўжаликларини реализация қилишда банкларни ҚҚСдан ва бундай объектларни ер солиғидан озод қилиш;
  • Халқаро ташишларда аэропортларда ҳаво кемаларига кўрсатиладиган хизматларга ноль даражали ҚҚС ставкасини қўллаш.

Бошқа имтиёзлар

Ҳужжатга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузурида давлат муассасаси шаклида ташкил этилган ва доимий фойдаланишда бўлган ҳудудий яйлов хўжаликларининг яйлов ерлари ер солиғидан озод қилинади.

Шунингдек, юридик шахсларнинг ягона иштирокчиси бўлган ногиронларнинг жамоат бирлашмалари учун ер солиғи бўйича солиқ юки камайтирилади. Бундай ташкилотлар эгаллаган ер участкалари учун коэффициент 0,25 дан 0,1 гача пасайтирилади.

Бундан ташқари, халқаро ташишларда транспорт-экспедиторлик хизматлари учун айланмадан олинадиган солиқнинг ноль даражали ставкаси жорий этилади. Имтиёз, хусусан, юкларни қабул қилиш, етказиб бериш ва сақлаш, уларни суғурталашни ташкил этиш, божхона расмийлаштируви, етказиб берилмаган юкларни қидириш ва экспедиторлик омборларида сақлаш хизматларига тааллуқлидир.