Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 11/02/2026

Соҳибжон Муродов Давлат активларини бошқариш агентлиги директори этиб тайинланди

Президент қарори билан Соҳибжон Ғофуржонович Муродов Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) директори этиб тайинланди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

У бунгача ДАБА ҳузуридаги Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази раҳбари лавозимида фаолият юритган. Шунингдек, Муродов илгари Давлат рақобат қўмитаси (ҳозирги Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси) Ички хавфсизлик инспекцияси бошлиғи ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.

2026 йил январь ойи охирида Президент Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзбекнефтгаз» тизимида миллиардлаб сўмлик талон-торожлик ҳолатлари аниқлангани ҳамда кенг кўламли текширувлар бошланганини маълум қилган эди.

Хусусан, давлат раҳбари таъкидлаганидек, Давлат активларини бошқариш агентлиги мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 млрд сўм бўлган ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, уни 120 млрд сўмга сотиб юборишган.

Агентликнинг аввалги директори Акмалхон Ортиқов лавозимидан озод этилган эди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Комплаенс хизмати томонидан тафтиш ишлари бошланган бўлиб, терговга иқтисодий хавфсизлик бўйича мутахассислар жалб этилган. Кейинчалик Ортиқовга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.