Экопартия Тошкентдаги собиқ ҳарбий госпиталь ҳудудида дарахтларнинг «йўқолиши» факти бўйича изоҳ талаб қилди

Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўзбек Юсупов бош прокурор ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирига депутат сўрови юборди. Бунга Тошкентнинг Миробод туманида яшил ҳудудларнинг «йўқолиши» сабаб бўлди.

Гап Авлиё ота кўчаси, 124-уй, «Янги Миробод» маҳалласидаги ер участкаси ҳақида кетмоқда.

Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларда Успенский собори яқинидаги собиқ ҳарбий госпиталь ҳудуди кўринади. Биринчи суратда — яшил ҳудуд (2024 йил апрель), иккинчисида эса — қурилиш майдончаси (2024 йил август).

Журналистлар 2024 йил февраль ойида экология вазири Азиз Абдуҳакимовдан собиқ госпиталь ҳудудидаги яшил ҳудуднинг тақдири ҳақида сўрашган эди. Ўшанда Экология вазирлиги раҳбари қурувчининг масъулиятига тушадиган барча дарахтлар ҳисобга олинишини ва «агар биттагина дарахтга ҳам зарар етса, қоидабузар жавобгарликка тортилишини» ишонтириб айтган эди.

«Давлат ўрмон фондига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва буталарни кесишга жорий этилган мораторийга қарамай, қурилиш ишлари жараёнида яшил ўсимликларни кесиш ҳолатлари давом этмоқда», — дея қайд этилди Экопартияда.

Депутат сўровида бир қатор саволлар мавжуд:

  • собиқ ҳарбий госпиталь ҳудудидаги дарахтлар инвентаризация қилинганми ва уларнинг йўқолиши нима билан изоҳланади?
  • ер участкасини тадбиркорлик субъектига ажратишда ер қонунчилиги талабларига риоя қилинганми?
  • қурилиш Тошкент шаҳар бош режасига (2045 йилгача бўлган давр) мос келадими?
  • қурилаётган объектнинг экологик экспертизаси ўтказилганми?
  • дарахтларни кесишнинг олдини олиш ва уларни қурилиш жараёнида сақлаб қолиш учун қандай чоралар кўрилган?

Қайд этиш жоизки, қурилиш майдончаси ёнидаги бинода, Google ва «Яндекс» хариталари маълумотларига кўра, Apex Development офиси жойлашган. Ҳудуд чегаралари компания логотипи туширилган баннер билан ўралган.