
Ўзбекистонда коррупциянинг рақамли профилактикасига ўтиш ва давлат хизматчиларининг хусусий секторга ўтиши бўйича чекловлар жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 2026 йил 16 февралдаги 2026 йилги давлат дастури тўғрисидаги фармонида кўзда тутилган.
Собиқ амалдорлар учун чекловлар
Ҳисоб палатаси 2026 йил май ойига қадар давлат хизматчиларининг хусусий секторга ўтишини тартибга солувчи тартибни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Тахминларга кўра, собиқ амалдор ишдан бўшаганидан кейин икки йил давомида илгари бевосита ёки билвосита назорат қилган компаниясида ишлай олмайди. Бунинг учун ички антикоррупция назорати хизматининг хулосаси талаб этилади.
Ўзбекистон тарихида давлат хизматидан хусусий секторга кадрлар оқими кузатилган.
Масалан, собиқ энергетика вазири (2019−2022), собиқ бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари (2017−2019) Алишер Султонов Eriell нефть-сервис компаниясида маслаҳатчи бўлиб ишлагани тахмин қилинади. Кейинчалик у яна давлат хизматига, президентнинг энергетика хавфсизлиги бўйича маслаҳатчиси сифатида қайтди ва 2025 йил декабрь ойида лавозимидан озод этилди.
Халқаро амалиётда стратегик муҳим ва нозик маълумотларга эга бўлган тузилмалар раҳбарлари учун, одатда, ишдан бўшагандан кейин маълум вақт давомида хусусий секторга ўтиш бўйича чекловлар ўрнатилади.
«Совиш даври» деб аталадиган бу муддат хизмат маълумотлари ўз долзарблигини йўқотгунга қадар уч йилдан беш йилгача бўлиши мумкин.
Бир қатор мамлакатларда бундай чекловлар компенсация механизмлари билан бирга олиб борилади: собиқ мансабдор шахсларга қўшимча тўловлар ёки бонуслар берилади, бу уларга вақтинча турдош соҳаларда фаолият юритмаслик ёки манфаатлар тўқнашувисиз бошқа йўналишларда фаолиятини давом эттириш имконини беради.
«Коррупциявий хавфлар харитаси»
2026 йил 1 сентябрга қадар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Бош прокуратура билан биргаликда «Коррупциявий хавфлар харитаси» тизимини ишга тушириши керак.
Электрон картограмма 160 та давлат ташкилоти ҳамда 208 та туман ва шаҳарни қамраб олади. Унда реал вақт режимида қуйидагилар акс эттирилади:
- давлат органларининг функциялари ва коррупция хавфи юқори бўлган лавозимлар;
- ҳудудлар кесимида коррупциявий жиноятлар статистикаси;
- аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномалар натижалари ва аниқланган тизимли муаммолар.
Ушбу маълумотлар асосида муайян идора ва ҳудудлардаги коррупциявий хавфларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
32 та идора ва давлат компанияларида янги ўринбосарлар
2026 йил 1 мартдан бошлаб 32 та вазирлик, идора ва йирик давлат компанияларида комплаенс-назорат ва коррупцияга қарши курашиш бўйича ўринбосар лавозимлари жорий этилади.
Улар қаторида — соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, транспорт, тоғ-кон саноати ва геология, инвестициялар, саноат ва савдо, рақамли технологиялар, бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари бор.
Давлат компаниялари орасида — Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзкимёсаноат», «Ҳудудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», товар-хомашё биржаси, «Ўзавтосаноат» ва бошқалар мавжуд.
Давлат харидларида сунъий интеллект
2026 йил июнь ойига қадар давлат харидлари соҳасида автоматлаштирилган назорат тизимини жорий этиш режалаштирилган.
Тизим қуйидагиларни амалга оширади:
- тендер иштирокчиларининг ўзаро алоқадорлигини аниқлайди;
- алоқадор шахсларнинг битта лотда иштирок этишини блоклайди;
- инсофсиз ижрочилар реестрини шакллантиради.
Шубҳали алоқалар аниқланганда, бу ҳақда буюртмачига ва назорат қилувчи органларга автоматик равишда хабар юборилади.
«Тоза бизнес» дастури
Тадбиркорлар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича Бизнес хартиясини яратишни назарда тутувчи «Тоза бизнес» миллий дастури ишга туширилади.
Хартияга қўшилган ва коррупцияга қарши стандартларни жорий этган компаниялар қуйидагиларга эга бўлиши мумкин:
- реклама ва сайтларда фойдаланиш учун махсус белги (compliance mark);
- преференция ва имтиёзлар (уларнинг механизмларини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йил май ойигача ишлаб чиқиши керак).
- Хартияга камида 1000 нафар тадбиркор қўшилиши кутилмоқда.
Давлат хизматчилари учун «Маслаҳатчи» чат-боти
Давлат органлари ходимлари учун «Маслаҳатчи» чат-боти ишга туширилади.
У мансабдор шахслар манфаатлар тўқнашуви ёки бошқа қонунчилик чекловлари билан боғлиқ вазиятга дуч келганида реал вақт режимида маслаҳат беради.
Медиа-портал ва виртуал академия
2026 йил 1 апрелдан коррупцияга қарши курашиш бўйича ягона медиа-портал иш бошлайди. Сунъий интеллект ҳар йили ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги 10−15 мингта хабарни таҳлил қилиб, коррупция ҳақидаги сигналларни аниқлайди ва давлат органларининг муносабатини кузатиб боради.
Шунингдек, «Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси» платформаси ишга туширилади. У орқали ҳар йили 30 минггача давлат хизматчисини реал вазиятлар симуляцияси ва билимларни тестдан ўтказиш орқали ўқитиш режалаштирилган.
Ҳукумат рақамли воситалар ва комплаенс механизмларини жорий этиш коррупциянинг тизимли профилактикасига ўтиш ва реактив чораларга қарамликни камайтириш имконини беради, деб ҳисоблайди.
Қонунлардаги «оқ доғлар»ни бартараф этиш
Бундан ташқари, 2000 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш режалаштирилган.
Мақсад — порахўрлик учун замин яратувчи зиддиятлар, икки маъноли ифодалар ва «оқ доғлар»ни (амалдорнинг ўзи рухсат бериш ёки бермасликни ҳал қиладиган ҳолатлар) аниқлаш ва бартараф этиш.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Transparency International ташкилотининг 2025 йилги Коррупцияни қабул қилиш индексида 182 та давлат ичида 124-ўринга тушиб кетди ва олдинги рейтингга нисбатан яна бир балл йўқотди. Мамлакат кўрсаткичлари кетма-кет иккинчи йил ёмонлашмоқда.