Тошкентдаги ЙТҲда скутер йўловчиси ҳалок бўлди

Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида Lacetti, Isuzu юк машинаси ва скутер иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар берди Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ. ЙТҲ оқибатида скутернинг 19 ёшли йўловчиси ҳалок бўлди.

Бошқарма маълумотларига кўра, ЙТҲ 2025 йил 2 август куни тахминан соат 19:10 да Янгиҳаёт тумани Кичик халқа автомобиль йўлининг 58-уй қаршисидаги қисмида юз берган.

Скутер йўловчиси М.С. олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Сергели туманидаги ЙТҲда Damas автомобили билан тўқнашув натижасида скутер ҳайдовчиси ҳалок бўлган эди.