Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

«Ҳамманинг айланмаси миллиардлаб, сиз уларни миллионерга айлантирдингиз» — президент билан учрашувда тадбиркор

Ўзбекистонда бизнес юритиш шароитлари сезиларли даражада яхшиланди. Бу ҳақда 5 март куни президент раислигида ўтказилган фармацевтика соҳасини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида Grand Pharm Trade фармацевтика компанияси таъсисчиси Азизхўжа Аббосхўжаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда тадбиркорлар учун ишлаш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқа ўрнатиш осонлашди.

«10 йил ичида солиқларимиз икки бараварга қисқарди. Биз бемалол ишлаяпмиз, фаолиятимизни очиқ юритяпмиз, завқ билан меҳнат қиляпмиз. Илгари кичкина офисда ўтирардик, агар хорижий ҳамкор келса, бизга товар етказиб беришга қўрқарди. Валюта конвертациясини ойлаб, ҳатто йиллаб кутишга мажбур бўлардик. Натижада хорижликлар: «Сизга ишонмайман, бошқа ҳамкор топаман», дерди. Биз хорижга тўловни амалга ошириш учун биржага боришга ва турли схемалардан фойдаланишга мажбур эдик. Ҳозир эса қаранг — ҳисобдаги пулни бир соат ёки бир кунда чиқариш мумкин, ҳеч қандай муаммо йўқ», — деди.

Аббосхўжаев, шунингдек, соҳадаги кўплаб тадбиркорлар ўз бизнесини сезиларли даражада кенгайтиришга муваффақ бўлганини таъкидлади.

«Ҳаммамиз жуда хурсандмиз. Бу ерда ўтирган барча тадбиркорлар — заводлар акциядорлари. Ҳамманинг айланмаси миллиардлаб. Сиз уларнинг барчасини расмий миллионерга айлантирдингиз. Шунинг учун сизга катта раҳмат», — деди у президентнинг табассумига сабаб бўлиб. Компания сайтидаги маълумотларга кўра, 2025 йилда Grand Pharm Trade тушуми 536 млн долларни ташкил этган ва у бозорнинг 24 фоизини эгаллайди.

Чиқиши якунида тадбиркор давлат раҳбаридан инфратузилма муаммоларини ҳал қилишда ёрдам сўради.

«Янада самарали ишлаш учун бизга ёрдам керак бўлган иккита масала бор. Заводимиз ишлаши учун йўлимиз йўқ. Иккинчиси — электр энергияси йўқ», — деб қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёев муаммони қайд этиш бўйича топшириқ берди ва бизнесни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.

«Буни баённомага ёзинглар. Инфратузилмасиз бундай лойиҳаларни амалга ошириб бўлмайди. Қандай ҳаяжон билан гапираётганинг кўриниб турибди — сенда ишонч, ғурур пайдо бўлди, ҳамкорлар сенга ишона бошлади. Бу ҳақиқатда Янги Ўзбекистоннинг меваси бўлсин», — деди.

Президент, шунингдек, давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.

«Ваъда берганман: агар тадбиркор ҳеч бўлмаса икки кишини иш билан таъминласа, уни елкамда кўтариб юраман. Барча тадбиркорларни албатта қўллаб-қувватлайман, лекин фармацевтика саноатидаги тадбиркорларни алоҳида қўллаб-қувватлайман. Яна бир бор айтмоқчиман: нафақат президент, балки бутун жамоа сизни қўллаб-қувватлайди. Ишларингизга омад», — деди Мирзиёев.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилишича, агар 2016–2017 йилларда мамлакатда дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 7,3 трлн сўмга етди.

«Бугун фармацевтика соҳасида ишлаётган тадбиркорлар билан гаплашсангиз, уларда интилиш, қизиқиш ва ишонч пайдо бўлгани кўринади. Улар импорт қилинадиган дориларни алмаштириш керак, экспортга йўналиш олиш керак, дейишмоқда. Бу соҳа ривожланиш учун жуда катта салоҳиятга эга эканлиги ҳақида тушунча пайдо бўлди», — деди.

Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов аввалроқ «импортни инвестицияга айлантириш» ва препаратлар сифати назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлаган эди. Қўмита раҳбарининг маълумотларига кўра, 2025 йилда фармацевтикада айланма ҳажми 2 млрд долларни ташкил этди, бу 2024 йилга нисбатан 18 фоизга (тахминан 300 млн доллар) кўпдир. Экспорт ҳажми 32 млн долларга етди.

Унинг сўзларига кўра, импортнинг асосий улушини Ўзбекистоннинг Grand Pharm Trade, шунингдек, Meros Pharm, Farm Lyuks Invest, GD Pharm, Eurofarm Business ва Astor Alliance компаниялари таъминламоқда.

Йиғилишда президент бўш турган фармзоналар ва лойиҳалар йўқлиги учун ҳокимларни танқид қилди. 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистондаги дори ишлаб чиқарувчилар жойлашган жойидан қатъи назар, ер солиғидан озод этилади. Фармлойиҳа ишга туширилгандан кейин уч йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғи ундирилмайди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича янги чораларни эълон қилди. Хорижий фармкомпанияларни жалб қилиш учун роялти солиғи 5 фоизгача туширилади. Tashkent Pharma Park ҳудуди Жанубий Корея компанияларини жалб қилган ҳолда яна 100 гектарга кенгайтирилади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг давлат харидларидаги иштироки кенгайтирилади.