
Сирдарё вилоятидаги хусусий болалар боғчасининг икки тарбиячиси болага нисбатан қўпол муносабатда бўлгани учун ишдан олинди, дея хабар берди вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода тарбиячилар болани узр сўрашга мажбурлаётгани эшитилади, бунда бола йиғлаб, кечирим сўрамоқда.
«Мен сени огоҳлантиргандим!» — деб бақиради улардан бири болага. Бошқаси эса ундан узр сўрашни талаб қилади: «Айт, кечир!» — дейди. «Тарбиячи, мен бошқа қилмайман, кечиринг», — деб йиғлайди бола. «Йўқ, мен кечирмайман, ростдан ҳам кечирмайман! Шу ерда қоласан!» — деб қўрқитади аёл.
Ушбу ҳолатдан сўнг Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси содир бўлган воқеа юзасидан текширув ўтказди ва Оқолтин туманидаги «Шодлик» хусусий мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Н. А. машғулот пайтида «педагог этикасига зид бўлган ноўрин сўзлар ва ҳаракатларга» йўл қўйганини маълум қилди.
Текширув натижаларига кўра, икки тарбиячига нисбатан тегишли чоралар кўрилди ва ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинди.
Бундан ташқари, мактабгача таълим тизимида педагогларнинг этик масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чоралар қабул қилиш топширилди.
Аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Косон туманида машинада қолдирилган икки ёшли қиз ҳаво етишмаслигидан вафот этган эди. Болани машинада унутиб қолдирган боғча мудираси суд томонидан 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

