
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Ҳолбутаев ва Сирдарё вилояти Гулистон прокурорининг ўринбосари коррупция жиноятларини содир этишда гумонланиб ҳибсга олинганини маълум қилди.
Хабарда айтилишича, туман ҳокимлигининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги, экология ва ободонлаштириш масалалари бўлими бош мутахассиси қурилиш компанияси раҳбаридан 1,7 гектар майдонда 8 та кўп қаватли уй қуриш учун туман ҳокимининг рухсатини олиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ер «Токчилик» маҳалласи ҳудудида умумтаълим мактаби биноси қурилиши учун ҳоким қарори билан ажратилган эди.
2025 йил 5 июль куни бош мутахассис сўралган суммадан 10 минг доллар олиб, уни туман ҳокимига берган. 8 июль куни у тадбиркордан қолган 20 минг долларни олган ва унга кўп қаватли уй қуришга рухсат берувчи, ҳоким томонидан имзоланган ҳужжатларни тақдим этган.
Шундан сўнг бош мутахассис ҳокимлик биноси олдида туман раҳбари билан учрашган. Унга 10 минг доллар бериш жараёнида уларнинг ҳаракатлари ДХХ ходимлари томонидан тўхтатилган, дейилади хизмат хабарида.
Шароф Рашидов тумани ҳокими депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бош мутахассисга нисбатан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Сирдарё вилоятида Гулистон прокурорининг ўринбосари Боёвут туманида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи компания раҳбаридан 10 минг доллар сўраган.

«Бу маблағлар Боёвут тумани ИИБ тергов гуруҳи томонидан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлламаслик ҳамда жиноят иши бўйича гумонланувчи фойдасига қарор чиқаришга кўмаклашиш эвазига талаб қилинган», — дейилади ДХХ хабарида.
Тезкор тадбир давомида «қонун ҳимоячиси ўз хизмат хонасида талаб қилинган пул суммасини олаётганда ашёвий далиллар билан ушланган».
Прокурор ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Иккала мансабдор шахс ҳам қамоққа олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.