Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Спорт 09/04/2026

Жавоҳир Синдаров 9-турдан сўнг Номзодлар турнирида пешқадамликни давом эттирмоқда

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров 2026 йил 8 апрель куни Номзодлар турнирининг тўққизинчи турида қора доналарда ҳаракат қилиб, Маттиас Блюбаум билан дуранг ўйнади.

Партия давомида 20 ёшли Синдаров катта устунликка эришган эди, бироқ рақиб аниқ ҳимояланиш йўлларини топа олди ва фарзинлар алмашганидан кейин позицияни соддалаштирди. Партия тенг эндшпилга ўтди ва дуранг билан якунланди.

Шу тариқа, Синдаров имкони бўлган 9 очкодан 7 очко жамғариб, турнирнинг якка пешқадами бўлиб қолмоқда.

Параллель кечган баҳсда Аниш Гири Фабиано Каруана устидан ғалаба қозонди ва ўз натижасини 5,5 очкога етказди. Бунинг шарофати билан Синдаровнинг энг яқин таъқибчисидан ортада қолиш фарқи 1,5 очкони ташкил этмоқда.

Навбатдаги 10-партияни Синдаров оқ доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандхага қарши ўтказади.

2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелгача Кипрда бўлиб ўтмоқда ва унда сайёрамизнинг энг кучли 8 нафар гроссмейстери иштирок этмоқда. Иштирокчилар икки даврада (14 тур) кураш олиб боришади. Ғолиб амалдаги жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш билан шахмат тожи учун баҳс юритиш ҳуқуқини қўлга киритади. Турнирнинг соврин жамғармаси 700 минг еврони ташкил этади.

Вақт назорати биринчи 40 та юриш учун икки соатни кўзда тутади, шундан сўнг партия охиригача 30 дақиқа қўшилади ва биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сония вақт қўшиб борилади. 40-юришгача дурангга келишиш тақиқланади. Ғалаба учун 1 очко, дуранг учун 0,5, мағлубият учун 0 очко берилади.