Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 25/01/2026

Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида шахсий маълумотларни ноқонуний қайта ишлаганлик учун жарима 41,2 млн сўмгача миқдорда белгиланди

Сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарималар жорий этилмоқда. Тегишли жавобгарлик чоралари Ўзбекистон президенти томонидан 2026 йил 21 январь куни имзоланган қонунда кўзда тутилган.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46−2-моддасига ўзгартиришлар киритилди.

Сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларни ноқонуний қайта ишлаш, шунингдек, уларни ОАВ ва интернетда тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача (20,6 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача) жарима солишга сабаб бўлиши мумкин. Ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроллари мусодара қилинади.

Тузатишлар «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга қўшимча киритишни ҳам назарда тутади — унда сунъий интеллект тушунчаси таърифланади.

Қонундаги таърифга кўра, сунъий интеллект — бу инсоннинг билим ва кўникмаларини имитация қилиш, мустақил ўрганиш, ечимлар излаш ва муайян вазифаларни бажаришда инсоннинг ақлий фаолияти натижалари билан таққосланадиган натижаларни олиш имконини берувчи технологик ечимлар мажмуи.

Махсус ваколатли орган қуйидагилар учун масъул бўлиши белгиланди:

  • сунъий интеллект соҳасига инвестицияларни жалб қилиш учун шароитлар яратиш;
  • сунъий интеллект асосида давлат маълумотларини қайта ишлаш учун техник инфратузилмани шакллантириш;
  • сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш.

Қонунда сунъий интеллект асосида яратилган ва ишлайдиган ахборот ресурслари инсонга, унинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шаъни ва қадр-қимматига, шунингдек, инсоннинг бошқа ажралмас ҳуқуқларига зарар етказмаслиги кераклиги мустаҳкамланди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор юридик аҳамиятга эга қарорлар қабул қилишда фақатгина сунъий интеллект ёрдамида яратилган ахборот ресурсларига ва ушбу технологиялар асосида ишлайдиган ахборот тизимларининг хулосаларига таяниш мумкин бўлмайди.

Сенатор Комила Карамова 2025 йил 1 ноябрь куни Сенат мажлисида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишни тартибга солувчи қонун муҳокамасида сунъий интеллектдан ўйламай фойдаланиш «ёшлар онгини заифлаштиришини» таъкидлаган эди.

Қонунни ишлаб чиқишда АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи давлатлари, Россия, Хитой, Япония ва Жанубий Корея тажрибаси ўрганилди.

Қонун Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган вақтда сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси ҳам кўриб чиқилган эди, бироқ ҳужжатнинг якуний таҳририда бу банд мавжуд эмас.

Муҳокама босқичида қонун сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда яратилган барча ахборот ресурсларини мажбурий маркировка қилишни ҳам назарда тутган эди. Ўшанда бу масалани ким назорат қилиши бўйича жавоб топилмаган ва жараённи қонуности ҳужжатларида тасвирлаш таклиф этилганди. Бироқ қонуннинг якуний кўринишида бундай маркировка тилга олинмаган.

Депутат Шаҳноза Холмаҳматова аввалроқ сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда, жумладан овоз ва тасвирлар ёрдамида сохталаштириш ҳолатлари кўпайганини қайд этганди — 2023 йилда 1129 та ҳолат қайд этилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 3553 тани ташкил этган.

Бош вазир Абдулла Арипов бир йил аввал Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасидаги этика стандартларини интеграция қилишини маълум қилган эди.