
Швейцария расмийлари 2026 йил 14 июнь куни мамлакат аҳолиси сонини 10 миллион кишигача чеклаш бўйича референдум ўтказади, деб хабар бермоқда Guardian ва New York Times.
Овоз бериш жараёни парламентда тахминан учдан бир қисм ўринга эга бўлган ўта ўнгчи Швейцария халқ партияси (SVP) таклифига биноан бўлиб ўтади. SVP ҳали 2024 йилда «Швейцариянинг 10 миллионлик аҳолисига йўқ денг» кампаниясини бошлаган эди. Партия петициясида айтилишича, аҳолининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши Швейцария инфратузилмасининг зўриқишига, ижара ҳақининг ошишига ва маҳаллий ўзликнинг йўқолишига олиб келган. «Фуқароларимиз бундан чарчади», деди SVP депутати Томас Маттер.
Гарчи мамлакат ҳукумати ва парламенти ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламаган бўлса-да, петицияни 100 мингдан ортиқ фуқаро имзолагани сабабли референдум автоматик равишда ташаббус қилинди. Швейцариянинг тўғридан-тўғри демократия тизимига кўра, агар халқ ташаббуслари 18 ой ичида 100 минг кишининг имзосини тўпласа, улар референдумга қўйилади.
Агар Швейцария фуқароларининг кўпчилиги ташаббусни қўллаб-қувватласа, ҳукумат 2050 йилгача аҳоли сонини чеклаш бўйича қатор чораларни кўришга мажбур бўлади. Хусусан, агар мамлакат аҳолиси 9,5 миллион кишилик кўрсаткичдан ошса, расмийлар миграция қонунчилигини кучайтиришлари керак бўлади: янги келганларга, жумладан бошпана изловчи шахсларга ва чет эл фуқароларининг оилаларига киришни рад этиш лозим. Агар вазият ёмонлашса, Швейцария мамлакатнинг энг йирик экспорт бозори бўлган Европа Иттифоқи билан эркин ҳаракатланиш тўғрисидаги келишувдан чиқишга мажбур бўлади.
Бугунги кунда Швейцария аҳолиси 9,1 миллион кишини ташкил этади. Охирги ўн йилликда унинг сони қўшни ЕИга аъзо давлатлардаги ўртача кўрсаткичдан беш баравар тезроқ ўсди, чунки иқтисодий юксалиш фонида мамлакат ҳам кам малакали мутахассисларни, ҳам йирик корпорацияларнинг юқори маош олувчи ходимларини ўзига жалб қилди, деб тушунтиради Guardian. Ҳукумат маълумотларига кўра, Швейцария аҳолисининг тахминан 27 фоизи мамлакат фуқароси эмас.
2025 йил декабрь ойидаги сўровномага кўра, мамлакат аҳолисининг 48 фоизи ушбу ташаббус учун овоз беришга тайёр, 41 фоизи эса унга қарши.
Ташаббус рақибларининг фикрича, иммиграцияни чеклаш Швейцария иқтисодиётига зарар етказади, ишчи кучи етишмовчилигини тўлдириш учун чет элликларни ишга жойига жойлаштиришни қийинлаштиради ва мамлакатнинг ЕИ билан муносабатларига путур етказади.
Шунингдек, Roche, UBS ва Nestlé каби корпорациялар ҳам бунга қарши чиқмоқда, уларнинг таъкидлашича, бу таклиф ЕИ билан икки томонлама келишувларни, жумладан 2025 йилда эришилган ягона бозорга кириш тўғрисидаги келишувни хавф остига қўяди.