
Соғлиқни сақлаш соҳаси эксперти Аброр Абдуқодиров шифокорларни ўзини ўзи банд қилганлар мақомида ишлашга рухсат берилган касблар рўйхатига киритишни таклиф қилди. У бу ҳақда 2025 йил 15 июль куни тиббиёт ҳамжамияти вакиллари билан очиқ мулоқот чоғида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда ўзини ўзи банд қилганлар мақомидан фақат ҳамширалар ва халқ табиблари фойдаланиши мумкин, малакали шифокорлар эса ушбу ҳуқуқий моделдан ташқарида қолмоқда.
Натижада, кўплаб мутахассислар беморларга норасмий равишда — иш вақтидан ташқари ва уйда маслаҳат беради.
“Бу қисми легаллашмаган бўлиб қолмоқда. Агар биз шифокорларни ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатига киритсак, бу, эҳтимол, фақат терапевтик йўналиш учун бўлади. Менимча, биз аҳолининг катта қисмини қулай тиббий ёрдам билан қамраб оламиз ва буларнинг барчаси легаллаштирилади”, — дея қўшимча қилди у ва бундай амалиёт Буюк Британияда мавжудлигини қайд этди.
Тиббиёт мутахассисларининг бир қисми қатъий иш жадвали, юқори иш юкламаси ва мослашувчанлик йўқлиги сабабли соҳани тарк этмоқда. Шу билан бирга, кўплаб беморлар мавжуд тизим ҳар доим ҳам таъминлай олмайдиган индивидуал ва қулай ёрдамга муҳтож.
Эксперт фикрига кўра, шифокорлар учун ўзини ўзи банд қилганлар мақоми орқали хусусий амалиётни қонунийлаштириш уларнинг фаолиятини яширин иқтисодиётдан олиб чиқишга, шаффофликни таъминлашга ва қўшимча солиқ тушумларини яратишга имкон беради.
Унинг сўзларига кўра, мослашувчан иш жадвали ва мустақил равишда қабул қилишни ташкил этиш имконияти ёш мутахассисларни тизимда сақлаб қолишга ва касбнинг жозибадорлигини оширишга ёрдам беради. Янгилик, шунингдек, беморлар билан ўзаро алоқанинг мавжуд шаклларини, жумладан, масофавий маслаҳатларни ҳам кенгайтиради ва аҳолининг тиббий хизматлар билан қамраб олинишини оширади.
Шифокорларни ўзини ўзи банд қилганлар сифатида рўйхатдан ўтказиш хизматлар сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. “Шахсий жавобгарлик ривожланишни, беморнинг ишончига эҳтиёткорона муносабатда бўлишни ва доимий равишда малака оширишни рағбатлантиради”, — дейди Абдуқодиров.
Абдуқодиров, шунингдек, аввалроқ Ўзбекистонда оилавий шифокорларга уйда маслаҳат беришга рухсат берувчи президент қарори қабул қилинганини эслатиб ўтди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, бу ҳужжат охиригача ишлаб чиқилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябридан йил охиригача Сирдарё вилоятида шифокорлар алоҳида тиббиёт муассасасини очмасдан индивидуал оилавий шифокорлик фаолиятини юритиши мумкин эди. Улар ўз уйида ёки ижарага олинган жойларда хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга эди.
Бундай имконият президентнинг “аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган эди. 2022 йилдан кейин бу тажрибани мамлакатнинг бошқа ҳудудларига босқичма-босқич татбиқ этиш режалаштирилганди.

