Паркентдаги шахсий зоопаркда шерлар ҳужуми оқибатида қўриқчи ҳалок бўлди

2024 йил 17 декабрь куни соат 5:00 атрофида Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган “Lion Park” шахсий зоопаркида қайғули ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақида Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

«Файзиобод» маҳалласидаги зоопарк “Wild Life” МЧЖга тегишли бўлиб, 2019 йилда ташкил этилган.

Африкадан олиб келинган учта шер қафас эшиги очиқ қолганидан фойдаланиб, озодликка чиқиб кетган. Уларнинг ҳужуми оқибатида 44 ёшли қўриқчи ҳалок бўлган. Эркак шерларни қайта қафасга қайтаришга уринган пайтда шерлар унга ҳужум уюштирган.

Ҳодиса зоопарк ходимлари томонидан соат 9:00 да аниқланган. Икки шер ухлатиш воситалари ёрдамида қафасга қайтарилган бўлса, учинчи шерни маҳаллий овчини чақириб, ўлдиришга тўғри келган.

Шу куни соат 10:00 да воқеа жойига туман ИИБ навбатчи гуруҳи, туман прокурори, прокуратура терговчиси, вилоят экология бошқармаси ходимлари ҳамда махсус қуролланган ИИБ отряди етиб келган.

Ҳодиса жойи текширилиб, суд-тиббиёт ва ДНК экспертизаси тайинланган. Шунингдек, зоопаркдаги барча ёввойи ҳайвонлар ҳолати текширилган ва уларнинг ўз қафасларида экани, қафас эшиклари ишончли ёпилгани тасдиқланган.

Lion Park” ҳақида маълумотлар:

— 2019 йилда ташкил этилган;
— Майдони: 0,96 гектар;
— Ходимлар сони: 5 киши;
— Хайвонлар сони: 10 та катта шер, 5 та шер боласи, бир қўнғир айиқ, бир шакал, бир бургут (беркут) ва бошқа ҳайвонлар.

Зоопарк 2019 йилда Давлат Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан берилган рухсатномага ва 2024 йил ноябрь ойида Экология вазирлиги томонидан берилган доимий лицензияга эга.

Ҳозирда Паркент туман прокуратурасининг тергов-оператив гуруҳи, Экология вазирлиги мутахассислари ва Тошкент зоопарки экспертлари ҳодиса бўйича суриштирув ишларини олиб бормоқда.