
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2026 йил 20 январь куни «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга шахсий маълумотларни мамлакат ичида ва унинг ташқарисида сақлаш ҳамда қайта ишлаш талабларини аниқлаштирувчи ўзгартиришларни бир йўла учта ўқишда қабул қилди. Ҳужжат кўриб чиқиш учун Сенатга юборилди.
Йиғилишда сўзга чиққан ички ишлар вазири ўринбосари — ИИВ Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов амалдаги қонунчилик халқаро тўлов ечимлари ривожланишига тўсқинлик қилаётганини таъкидлади.
«Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқаро тўлов тизимлари соҳасида янги инновацион хизматларни ривожлантириш, QR-тўловларни кенгайтириш ва уларнинг маҳаллий банклар билан интеграциясини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда», — деди.
Унинг сўзларига кўра, ваколатли органлар (Марказий банк, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги) вакилларининг халқаро тўлов компаниялари билан учрашувларида шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун талабларини қайта кўриб чиқиш масаласи бир неча бор кўтарилган.
«Халқаро ташкилотларнинг 2025 йилда Ўзбекистоннинг инвестиция муҳити ҳақидаги баёнотларида Ўзбекистон фуқароларининг барча шахсий маълумотларини фақат Республика ҳудудида йиғиш, қайта ишлаш ва сақлашни мажбур қилувчи қонун нормаси халқаро онлайн тўлов компаниялари фаолиятини бевосита чеклаши кўрсатилган эди», — деб таъкидлади Ашрапов.
У Google Pay хизматидан бугунги кунда 97 та давлатда 150 миллиондан ортиқ киши фойдаланаётганини ва у Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистонда аллақачон ишлаётганини эслатиб ўтди.
«Амалдаги миллий қонунчилик фуқароларнинг шахсий маълумотларини — фамилияси, исми, банк картаси реквизитлари, яшаш манзили ва бошқа маълумотларни халқаро тўлов тизимларига беришни, шунингдек, уларни Ўзбекистон ташқарисида жойлашган серверларда сақлашни тақиқлайди (қонуннинг 27-1-моддаси)», — деди.
ИИВ вакилининг сўзларига кўра, бу чекловлар электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, қўшимча даромадлар оқими ва финтех компанияларининг мамлакат бозорига киришини тўхтатиб қўймоқда. Бундан ташқари, у тўловларнинг айланма схемаларидан фойдаланиш хавфи борлигини, бу эса яширин иқтисодиёт ривожланишига замин яратишини кўрсатиб ўтди.
Қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида мажбурий тартибда сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотларнинг аниқ рўйхатини белгилаш таклиф этилмоқда (биометрик ва генетик маълумотлар, шунингдек, телеком-операторлар хизматидан фойдаланувчи жисмоний шахсларнинг маълумотлари).
Иккинчидан, бошқа турдаги шахсий маълумотларни чет элда узатиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича аниқ талабларни ишлаб чиқиш, жумладан, уларнинг хорижий давлатларда тегишли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш, ваколатли органлар талабларига риоя қилиш ва халқаро стандартларни жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасига шахсий маълумотларни ҳимоя қилишнинг тегишли даражасини таъминловчи давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколати берилмоқда. Қонун қабул қилинганидан кейин ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинади.
«Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши электрон тижорат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар учун халқаро интернет-платформалардан фойдаланишда қулай шароитлар яратишга хизмат қилади», — деди Ашрапов.
У қонун лойиҳаси барча манфаатдор идоралар билан келишилганини ва давлат бюджетидан қўшимча харажатлар талаб қилмаслигини таъкидлади. Қонунни 134 нафар депутат маъқуллади, қаршилар ва бетарафлар бўлмади.
2021 йилда Ўзбекистонда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, компаниялар фуқароларнинг шахсий маълумотлари сақланадиган серверларни мамлакат ичида жойлаштиришга мажбур қилинган эди. Экспертлар ушбу норманинг турлича талқин қилиниши муаммосига бир неча бор эътибор қаратган ва бу ҳолат Google Pay ҳамда Apple Pay каби халқаро хизматларнинг бозорга киришига тўсиқ бўлганини, бизнесда хавотир уйғотганини таъкидлаган эди.
2024 йилда маълумотларни локализация қилишга ёндашувларни қайта кўриб чиқиш масаласи эксперт майдонларида муҳокама қилинган: ортиқча тартибга солишдан қочиш учун талабларни юмшатиш таклиф этилган эди. Аввалроқ Жаҳон банки ҳам шундай позицияни билдириб, мослашувчан қоидалар хизмат кўрсатиш соҳаси ва рақамли иқтисодиёт ривожига ёрдам беришини қайд этганди.