
«Мисс Ер-2025» танловида илк бор Ўзбекистон номидан қатнашган 21 ёшли модель Шахризода Мадаминова мамлакат байроғи ва герби элементларидан фойдаланилган либосда чиқиш қилгани учун жаримага тортилди. Унинг устидан бир йигит шикоят қилган.
Танлов 2025 йилнинг 28 октябрида Манилада (Филиппин) бўлиб ўтган эди (иштирокчилар тўлиқ рўйхати). БМТ шафелигида ташкил этиладиган ушбу танлов атроф-муҳит муаммоларига эътибор қаратишни мақсад қилган. Суд мажлиси қарийб уч ой ўтиб — 2026 йил 19 январь куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судья М. Аҳмедов раислигида бўлиб ўтди.
Танловдаги иштироки ҳақида хабар берар экан, Инстаграмда ярим миллионга яқин кузатувчисига эга Шахризода Мадаминова шундай ёзган эди: «100 та давлат иштирокчилари билан турли шартлар бўйича беллашяпмиз. Бугун ҳар бир давлат вакиласи расмий миллий либосда таниқли қўшиқ ёки рақс ижро этди».
«Миллий либосда нимани тақдим этиш ҳақида узоқ ўйладим ва танловга бир ҳафта қолганда ғоям билан дизайнерга мурожаат қилдим, у эса икки кун ичида уни мен ўйлаганимдан ҳам яхшироқ ижро этди», — деб қайд этган модель. «Гербимиздаги Ҳумо қуши ва байроғимиздан илҳомланиб яратилган ушбу либосда Хоразм рақсини ижро этдим», — деб маълум қилган.
«Айби исботланди»
Суд қарорида айтилишича, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома фуқаро Н. Жониқуловнинг аризаси асосида тузилган. Судда у қизнинг Ўзбекистон байроғи ва герби тасвири туширилган либосда чиқиш қилгани ҳамда ушбу либосдаги суратларини Инстаграм саҳифасига жойлаштирганидан норозилигини билдирган.
У бу ҳолат қонунчиликни бузишини айтиб, моделга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Қонунчилик, хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидан кийим-кечак сифатида фойдаланишни» тақиқлайди.
Шахризода Мадаминова судда айбини қисман тан олди. У 25 йилдан бери бутун дунёда ўтказиб келинаётган танлов учун Ўзбекистон байроғи ва гербидан илҳомланиб кўйлак буюртма қилганини, бироқ кўйлакда фақат байроқ ранглари тегишли кетма-кетликда ишлатилганини, ярим ой ва 12 та юлдуз мавжуд эмаслигини айтди. Шуларни инобатга олиб, у суддан енгиллик беришни сўради.
Суд томонларнинг тушунтириш хатларини, ички ишлар органи томонидан тузилган ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани ва бошқа ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қизнинг айби «тўлиқ исботланган» деб ҳисоблади. Суд дастлабки тергов органи моделнинг ҳаракатларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 203-1-моддаси 1-қисми (давлат рамзлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) бўйича тўғри малакалаганини қайд этди. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари — 824 минг сўм миқдорида давлат фойдасига жарима тайинланди.
«Аккаунтини ўчириш билан таҳдид қилишди»
Суддан сўнг Шахризода Мадаминова Инстаграмда ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, даъвогар ўзи танимайдиган ёш йигит бўлган. Унинг мақсадлари моделга номаълум ва у бунга аниқлик киритиб ўтирмаган.
Модель судда ўзини лозим даражада ҳимоя қила олмаганини айтди. Суд жарима тайинлагач, даъвогар Жониқулов ундан суратларни Инстаграмдан ўчиришни талаб қилган. У буни рад этган.
Ўшанда судья, унинг сўзларига кўра, аккаунтини ўчириш учун унинг маълумотларини «базага» бериб юборишлари мумкинлигини айтган. «Мен йиғлаб юбордим, нима дейишни билмай қолдим, шок ҳолатида эдим», — деди қиз.
У кўйлак қонун тақиқлаганидек байроқдан тикилмаганини, унда ярим ой ва юлдузлар йўқлигини таъкидлади. «Адолат йўқлигини ҳис қилиб, йиғладим», — деб қайд этди Шахризода Мадаминова.