Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 07/01/2026

Ўзбекистоннинг икки шахматчиси 2025 йилги мукофот пуллари бўйича жаҳоннинг топ-10 талигига кирди

Ўзбекистонлик гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров 2025 йил якунларига кўра энг кўп мукофот пули ишлаб топган дунёнинг ўнта шахматчиси қаторидан жой олди. Бу ҳақда Chess.com хабар бермоқда.

Абдусатторов 16 та турнирда 361,8 минг доллар ишлаб топиб, мукофот пуллари ҳажми бўйича дунёда 9-ўринни эгаллади. Таққослаш учун, 2024 йилда унинг мукофот пуллари деярли 133 минг долларни ташкил этган эди, демак, бир йил ичида даромадлар қарийб уч бараварга ошган. Мавсумдаги энг йирик ютуғи 85 минг долларлик соврин бўлди, London Classic турниридаги ғалабаси эса йилнинг энг сезиларли муваффақиятларидан бирига айланди.

Синдаров 11 та турнир учун 349,9 минг доллар мукофот пули билан 10-ўриндан жой олди. У учун йилнинг асосий ютуғи ФИДЕ Жаҳон кубогидаги ғалаба бўлди. Бу зафар шахматчига 120 минг доллар келтирди ва унинг фаолиятидаги энг йирик шахсий муваффақиятлардан бири бўлди.

Рейтинг етакчиси Магнус Карлсен бўлиб, у қарийб 1,46 млн доллар ишлаб топди ва йил давомида миллионлик маррани забт этган ягона шахматчига айланди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Фабиано Каруана (тахминан 890 минг доллар) ва Левон Аронян (750 минг доллардан ортиқ) эгаллади.

2025 йил якунларига кўра, жами 26 нафар шахматчи 100 минг долларлик мукофот пули маррасидан ўтди ва бу сўнгги йиллардаги рекорд кўрсаткич бўлди. Экспертлар мукофот пулларининг ўсишини кўп сонли иштирокчилар бўлган йирик турнирларнинг қайтиши, ФИДЕ Жаҳон кубогининг ўтказилиши, шунингдек, шахматнинг Esports World Cup дастурига киритилиши билан изоҳламоқда.

Ҳисоботда аниқлик киритилишича, ҳисоб-китобларда фақат биринчи ўрин учун соврини 10 минг доллардан бошланадиган йирик якка тартибдаги халқаро турнирлар учун берилган мукофот пуллари ҳисобга олинган. Ҳомийлик шартномалари, стриминг, мураббийлик фаолияти, миллий чемпионатлар ва жамоавий мусобақалардан тушган даромадлар статистикага киритилмаган.

Халқаро шахмат федерациясининг (ФИДЕ) 2026 йил январь ҳолатига кўра классик рейтингида дунёнинг топ-100 талигига Ўзбекистондан 5 нафар шахматчи кирган: Нодирбек Абдусатторов 2751 рейтинг билан 12-ўринни, Жавоҳир Синдаров 21-ўринни (2726), Нодирбек Якуббоев 36-ўринни (2691), Рустам Қосимжонов 51-ўринни (2664) ва Шамсиддин Воҳидов 77-ўринни (2644) эгаллаб турибди.