
Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдаров Номзодлар мусобақадаги иккинчи партиясини дуранг билан якунлади. Унинг рақиби германиялик гроссмейстер Маттиас Блюбаум бўлди.
Иккинчи турда Блюбаум ишончли ҳимояни танлади ва партия бошиданоқ хотиржам руҳда ривожланди. Дастлабки босқичда Синдаровда устунликка эришиш имконияти бор эди, бироқ у эҳтиёткорроқ вариантни афзал кўрди, шундан сўнг рақиб ўйинни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Кейинчалик томонлар жиддий хавф-хатарлардан қочиб, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишди. Партия ўрталарига келиб вазият тенглашди ва қатор алмашинувлардан сўнг 42-юришда учрашув дуранг билан якунланди.
Икки тур якунларига кўра, Синдаров ҳисобида 1,5 очко бор. Кейинги турда Жавоҳирни жиддий синов — турнир жадвалида пешқадамликка даъвогарлик қилаётган ҳиндистонлик гроссмейстер Рамешбабу Прагнанандхага қарши баҳс кутмоқда.
Аёллар ўртасидаги Номзодлар турнирида эса шахматчиларнинг барча партиялари яна дуранг билан тугади.
Эслатиб ўтамиз, биринчи турда Синдаров Андрей Есипенко устидан ғалаба қозониб, турнирни муваффақиятли бошлаган эди.
Номзодлар турнири 2026 йил 29 мартдан 15 апрелга қадар Кипрда бўлиб ўтмоқда. Мусобақа ғолиби амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши шахмат тожи учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритади.
Мусобақа регламентига кўра, классик вақт назорати амал қилади ва 40-юришгача дурангга келишиш тақиқланади. Иштирокчилар икки давра (14 тур) давомида 500 минг евролик соврин жамғармаси учун курашадилар. Ғолиб 48 минг евро олади, шунингдек, ҳар бир иштирокчи қўлга киритган ҳар ярим очкоси учун қўшимча 3500 евро миқдорида мукофотланади.