Ўзбекистон хотин-қизлар терма жамоаси шахмат бўйича жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этади

Ўзбекистон хотин-қизлар терма жамоаси Испанияда бўлиб ўтадиган шахмат бўйича жамоавий жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этади, дея хабар берди Шахмат федерацияси.

2025 йил 1–2 ноябрь кунлари Бокуда Ўзбекистон ва Озарбайжон аёллар терма жамоалари ўртасида жаҳон чемпионатига сўнгги йўлланма учун тезкор шахмат бўйича саралаш турнири якунланди.

Дастлабки иккита учрашув Ўзбекистон фойдасига ҳал бўлди, учинчи баҳс Боку шахматчилари фойдасига, тўртинчиси эса дуранг билан якунланди. Натижада Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова ва Гулдона Каримовадан иборат шахматчиларимиз умумий 2,5:1,5 (партиялар бўйича) ҳисобида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионатида иштирок этувчи 12-жамоа бўлдилар.

Испанияда мезбон мамлакат спортчилари, 2023 йилги жаҳон чемпионатининг энг яхши 4 жамоаси — Грузия, Франция, Қозоғистон ва АҚШ, шунингдек, Хитой, Украина, Перу, Миср, Ҳиндистон ва ФИДЕ терма жамоалари иштирок этади. Мусобақа 2025 йил 18–23 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.