
Жиноят ишлари бўйича Зомин туман суди Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими Маҳмуд Холбўтаевга нисбатан ҳукмни эълон қилди, деб хабар берди Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.
55 ёшли Маҳмуд Холбўтаев Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди:
- 167-модда 2-қисми «б», «в», «г» бандлари (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан);
- 206-модда 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш);
- 210-модда 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора олиш);
- 229-4-модда 2-қисми «а» банди (Ер бериш тартибини такроран бузиш).
Ҳокимликнинг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бўлими бош мутахассиси — 39 ёшли Н. И. Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда пора олиш) билан айбдор деб топилди.
Суд ҳукмига кўра, Маҳмуд Холбўтаевга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
У 3 йил давомида ҳокимият ва давлат бошқаруви органларида лавозим эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва БҲМнинг 150 баравари (61,8 млн сўм) миқдорида жарима тўлайдиган бўлди.
Н. И. 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди, шунингдек, икки йил давомида ҳокимият ва давлат бошқаруви органларида лавозим эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Маҳкумлар жазони умумий тартибли колонияларда ўтайдилар.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаевнинг қўлга олингани ҳақида 2025 йилнинг июль ойида маълум бўлган эди.
Биз ёзганимиздек, туман ҳокимлигининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича бўлими бош мутахассиси қурилиш компанияси раҳбаридан 1,7 гектар майдонда 8 та кўп қаватли уй қуриш учун туман ҳокимининг рухсатини олиб бериш эвазига 30 минг доллар талаб қилганликда гумон қилинган эди.
Ер майдони ҳоким қарори билан «Тўқчилик» маҳалласи ҳудудида умумтаълим мактаби биносини қуриш учун ажратилган бўлган.
2025 йил 5 июль куни бош мутахассис сўралган маблағдан 10 минг долларини олиб, туман ҳокимига топширган. 8 июль куни у тадбиркордан қолган 20 минг долларни олиб, унга кўп қаватли уй қуришга рухсат бериш ҳақида ҳоким томонидан имзоланган ҳужжатларни тақдим этган.
Сўнгра бош мутахассис ҳокимлик биноси олдида туман раҳбари билан учрашган. Унга 10 минг доллар бераётган вақтида уларнинг ҳаракатлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан чек қўйилган.