Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 25/09/2025

Ёши катта Damas ҳайдовчиси ўқувчи болани туртиб юборишга оз қолди. У 1 йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида пиёдалар ўтиш жойида ўқувчи болани туртиб юборишга оз қолган 68 ёшли Damas ҳайдовчиси бир йил муддатга автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Бир кун аввал ижтимоий тармоқларда 2025 йил 11 сентябрь кунги видеоёзув пайдо бўлган, унда ўқувчи бола тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтишга уринаётгани акс этган. Ўтиш жойидан олдин битта Damas секинлаша бошлайди, аммо чап йўлакдан Nexia ўтиб кетади.

Биринчи Damas тўхтаганини кўрган болакай югуриб ўтиш жойидан ўта бошлайди. Ўша чап полосада тезликни пасайтирмасдан келаётган бошқа Damas туфайли ўқувчи бола ўзини нарига ташлашга мажбур бўлади ва мўъжизавий равишда уриб юборилмай, йўлга йиқилади.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз суди ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этишдан ташқари, ҳайдовчига 25 баҳовий ҳисоблаш миқдорида, яъни 10,3 млн сўм жарима тайинлади. Ҳайдовчининг исми очиқланмаган.

Тартибга солинмаган ўтиш жойлари пиёдалар учун хавф туғдиришда давом этмоқда

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида бир неча полосали (ҳар бир йўналишда тўрт, беш, олти ва ундан ортиқ) кўча ва йўллардан ўтувчи тартибга солинмаган ўтиш жойлари ҳали ҳам кенг тарқалган.

2023 йили Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон-2030» стратегиясини тасдиқлаган эди. Унда 2030 йилгача ҳар бир йўналишда биттадан ортиқ полосали автойўллардан ўтувчи барча тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларини светофорлар билан жиҳозлаш назарда тутилган. 2024 йил 1 январдан бошлаб барча янги ўтиш жойларида светофорлар мажбурий бўлиши керак эди. Бу талаб қанчалик бажарилаётгани номаълум.