Ўзбекистон шаҳарлари тартибсиз эмас, балки аниқ режалар асосида ривожланиши керак — қурилиш вазири

2021—2025 йилларда Ўзбекистонда қурилиш соҳасининг техник меъёрлари халқаро амалиётга мувофиқ кенг кўламда янгиланди ва уйғунлаштирилди. Бу ҳақда 2025 йил 10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган «Ҳукумат соати»да қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Хидоятов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу даврда 650 та техник норматив ҳужжат тўлиқ қайта ишланиб, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея, Россия ва АҚШ стандартлари билан уйғунлаштирилди. Хусусан, қуйидагилар янгиланди:

  • 168 та шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари;
  • Еврокодларнинг 12 та қисми;
  • 46 та смета ресурс нормалари;
  • 30 та қурилиш регламентлари;
  • 4 та техник регламент;
  • 314 та стандарт;
  • 76 та маълумотнома.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги ҳамда Жанубий Корея ер, инфратузилма ва транспорт вазирлиги ўртасидаги меморандум доирасида 256 та шаҳарсозлик нормаси Корея тажрибаси ва хорижий нормативларга мувофиқлаштирилди.

«Шаҳарларимиз қиёфаси тартибсиз қурилишлар ҳисобига эмас, балки аниқ режалар асосида шаклланиши лозим. Шу муносабат билан президентнинг 299-сонли ва 245-сонли қарорларига мувофиқ, барча аҳоли пунктларини бош режалар билан қамраб олиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. 2025 йил режасига кўра, айни пайтда 161 та аҳоли пункти учун шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунланмоқда», — деди вазир.

Бош режаларни тайёрлашда ҳудудларни функционал жиҳатдан учта тоифага зоналаштириш амалиёти жорий этилди:

  • реновация зонаси — янгиланишни талаб қиладиган ҳудудлар;
  • реконструкция зонаси — таъмирлаш ва ўзгартиришлар киритишга йўл қўйиладиган ҳудудлар;
  • консервация зонаси — тарихий ва маданий мерос объектлари, шунингдек, ижтимоий объектлар жойлашган, ҳар қандай ўзгартиришлар тақиқланган ҳудудлар.

«Бундай ёндашув тадбиркорларга ҳам, аҳолига ҳам у ёки бу туманда қандай фаолият юритиш мумкинлигини олдиндан аниқлаш имконини беради», — дея қўшимча қилди вазир.

Хидоятовнинг сўзларига кўра, шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлашда эскирган усуллардан тўлиқ воз кечилди — эндиликда барча ҳужжатлар рақамли форматда ишлаб чиқилмоқда ва улар учун рақамли эгизаклар яратилмоқда.

Бугунги кунда шаҳарсозлик ахборот тизими порталида 152 та йирик лойиҳа ҳамда шаҳарлар, маҳаллалар ва бош режаларнинг 459 та схемаси жойлаштирилган. Фуқаролар 3D-форматда ўз маҳалласининг келажагини — мактаблар, боғлар ва бошқа объектларнинг жойлашувини кўриш имкониятига эга бўлдилар, деди.

Вазир шунингдек, 2021—2025 йилларда қурилиш соҳасидаги маъмурий регламентлар ва давлат хизматлари тубдан қайта кўриб чиқилганини маълум қилди. Ҳукуматнинг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан қурилиш соҳасида ягона маъмурий регламент тасдиқлангани бу борадаги муҳим қадам бўлди.

«Ушбу регламентнинг амалий аҳамияти ҳақида гапирадиган бўлсак, илгари тадбиркорлар қурилишни бошлаш учун ўнлаб идораларни айланиб чиқиши, ойлаб вақт йўқотиши ва турли комиссиялар хулосаларини кутиши керак эди», — деди вазир.

Эндиликда барча жараёнлар рақамли форматга ўтказилди: рухсатномалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали — шахсий иштироксиз берилади.

Вазирнинг сўзларига кўра, қурилиш цикли тўртта шаффоф босқичга бўлинган бўлиб, уларнинг ҳар бири бўйича аниқ регламентлар белгиланган. Биринчидан, бу архитектура-режалаштириш топшириқларини ишлаб чиқиш бўлиб, улар ахборот тизими маълумотлари асосида инсон омилисиз, рақамли шаклда шакллантирилади.

Иккинчидан, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш ва шаҳарсозлик экспертизасидан ўтказиш тўлиқ электрон платформага ўтказилди, бу эса асоссиз келишувлар берилиши имкониятини истисно қилади.

«Янги қоидаларга кўра, агар ваколатли орган белгиланган муддатда жавоб бермаса ёки асоссиз рад этса, тизим автоматик равишда рухсатномани тадбиркорга берилган деб ҳисоблайди — бу бюрократияга қарши энг кучли қуролимиз», — дея тушунтирди Хидоятов.

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган бош режаси (биринчи босқич — 2030 йилгача) 2024 йилнинг 24 декабридаги ҳукумат қарори билан тасдиқланган эди.

2025 йил июнь ойида учта компания Тошкентда кўп қаватли турар жой мажмуалари қуриш ташаббуси билан чиққани маълум бўлди. Лойиҳалардан бири — «Фотон» заводи ўрнида 53 қаватли минора қуриш. Бошқа турар жой мажмуаси Давлат геология қўмитасининг собиқ ҳудудида, учинчиси эса Magic City рўпарасида қурилиши мумкин. Ушбу биноларнинг барчасининг қаватлар сони бош режа параметрларидан юқори.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Азиз Халилов бош режада биноларнинг рухсат этилган қаватлар сони муайян ҳудуднинг сейсмик чидамлилигини ҳисобга олган ҳолда белгиланишини айтди. Лойиҳалар амалга оширилишидан олдин илмий-тадқиқот институтларида мажбурий экспертизадан ўтказилади, қурилишга рухсатномалар эса қатъий равишда тасдиқланган бош режага мувофиқ берилади.