Ўзбекистонда улушдорлар қурувчиларни электрон платформа орқали текшириш имкониятига эга бўладилар

Ўзбекистонда уй-жой қурилиши бўйича электрон платформани ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу 2025 йил 27 январдаги “Уй-жой қурилиши соҳасини янада ривожлантириш, турар ва нотурар жой объектларини улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” номли Президент фармонида кўзда тутилган.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда уч ой ичида “Шаффоф қурилиш” тизими доирасида платформа яратиш топширилди.

Ҳужжатга кўра, платформанинг тўлиқ ишлаши 2025 йил 1 июлдан бошлаб режалаштирилган.

Улушдорларнинг маблағларини жалб қилувчи қурувчилар платформага қуйидаги маълумотларни жойлаштиришлари шарт:

  • қурилаётган объектнинг аниқ манзили;
  • қаватлар, кириш йўлаклари, квартиралар ва нотурар жойлар сони;
  • майдони ва унга туташ ҳудуд;
  • молиялаштирувчи тижорат банки ҳақидаги маълумотлар;
  • амалда сотилган турар ва нотурар жойлар;
  • лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси;
  • қурилиш бошланиш санаси ва фойдаланишга топшириш муддати;
  • қурилиш жараёни ва бошқа маълумотлар.

Электрон платформада маълумотлари жойлаштирилмаган кўчмас мулк объектлари бўйича тузилган улушдорлик шартномаларининг нотариал тасдиқланиши ва давлат рўйхатидан ўтказилишига рухсат берилмайди.

Платформада маълумотларни жойлаштирмаган қурувчилар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Қурилиш вазирлиги қурилишни рўйхатдан ўтказишда маълумотларни тизимга киритади ва уларнинг кадастр органлари, тижорат банклари ҳамда нотариуслар томонидан текширилишини таъминлайди.

Харидорлар платформа орқали қурилиш-монтаж ишларини бажариш учун рухсатномалар мавжудлиги, қурувчининг рейтинги, аввалги лойиҳалари, шартномавий интизоми ва объектларни топшириш муддатларига риоя қилганлигини текширишлари мумкин.

Тасдиқланган лойиҳалар доирасида қуйидагилар тақиқланади:

  • платформада рўйхатдан ўтказилгандан кейин хоналар режасини ўзгартириш;
  • объектлар фойдаланишга топширилгунча лойиҳа ҳужжатларига ўзгартириш киритиш;
  • қурилиши тугалланмаган объектларга эга ер участкаларини бошқа шахсларга ўтказиш.

Кадастр агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 июлгача улушдорлик шартномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва солиқ органларига тақдим этиш тизимини жорий этиши керак, бунда шартнома бўйича талаб қилиш ҳуқуқи ва гаров ҳуқуқининг бошқа шахсларга ўтказилишини назарда тутиш лозим.

Ушбу фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 июлдан бошлаб мамлакатда уй-жой улушдорлик қурилишида эскроу-ҳисоблари тизимига ўтиш бошланади. 2026 йилдан бошлаб улушдорларнинг маблағларини фақат ушбу тартиб орқали жалб қилишга рухсат берилади.

Президент шунингдек, “Уй-жойнинг ягона ҳаёт айланиши” тизимини жорий этиш таклифини ҳам маъқуллади. 2025 йил 1 июлдан бошлаб қурувчилар фақат нотариал тасдиқланган шартномалар орқали улушдорларнинг маблағларини жалб қилишлари мумкин бўлади. Қурилиш ишларининг камида 30 фоизи қурувчи ташкилотнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилиши лозим.