Сейсмик бардошлик бўйича биноларни текширишга хорижлик мутахассислар жалб этилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 13 май куни сейсмик хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилдан буён мамлакатда 11 410 та кўп қаватли уй қурилган.

Хабар қилинишича, ҳудудлардаги сейсмик вазиятни ўрганиш ва таҳлил қилиш натижалари асосида сейсмик хавфсизлик тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Биноларни текширишнинг янги амалиётини хорижлик мутахассисларни жалб қилиш орқали жорий этиш кўзда тутилган. Зилзилалар ва бошқа табиий офатларга бардошли турар жой биноларини қуриш бўйича тажриба алмашинуви кенгайтирилади. Шунингдек, камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида биноларнинг инструментал-техник текширувларини ўтказиш режалаштирилган.

Ушбу тадбирлар якунлари ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда сейсмик хавф хатари, таъсири ва таҳдидларини баҳолаш бўйича норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилади. Президент қурилишда сифат ва хавфсизлик устувор бўлишини таъкидлаб, ушбу йўналишни илмий ривожлантириш ва соҳага замонавий ёндашувларни жорий этиш бўйича топшириқлар берди.

2025 йил 29 апрель куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрелни Зилзила қурбонларини хотирлаш халқаро куни деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Бу кун биринчи марта 2026 йилда — 1966 йил Тошкентдаги вайронкор зилзиладан 60 йил ўтгач нишонланади.

Ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларидан 80 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлик қилди. Резолюция Ўзбекистон Президентининг зилзила қурбонларига ҳурмат бажо келтириш ва ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик зарурати ҳақида эслатиш мақсадида хотира ва бирдамлик кунини таъсис этиш ташаббусига асосланган.