Sevimli TV телеканали муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди

Sevimli TV телеканали муаллифлик ҳуқуқларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Адлия вазирлиги.

Вазирлик маълумотларига кўра, муаллиф Р. Худойбердиевга тегишли мусиқа асарлари телеканал томонидан бир нечта теленовеллаларда рухсатсиз ва шартнома тузмасдан фойдаланилган, сўнгра Splay ва YouTube платформаларида эркин фойдаланишга жойлаштирилган.

Тошкент шаҳар Миробод тумани жиноят ишлари бўйича суди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-1-моддаси 1-қисми (Асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан ғайриқонуний фойдаланиш, худди шунингдек асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, уларни умумий фойдаланишга етказиш — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, бунда контрафакт нусхалар ҳамда уларни такрорлаш ва тарқатиш учун фойдаланилган материаллар ва ускуналар, ҳуқуқбузарлик содир этишнинг бошқа қуроллари мусодара қилинади) бўйича жарима тайинлади.

Қонунчиликка мувофиқ, муаллиф етказилган зарарни қоплаш ўрнига 20 дан 1000 БҲМгача (7,5 миллион сўмдан 375 миллион сўмгача) миқдорда компенсация талаб қилиш ҳуқуқига эга.