
Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманидаги Sergeli City турар жой мажмуасининг кўп қаватли уйи қурилиши тўхтатилди, дея хабар берди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
«Сурум» маҳалласида қурилаётган уйлар лойиҳаларини ўрганиш чоғида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ходимлари турар жой мажмуасининг айрим блоклари (А9, А10, А11, Д2, Д1) давлат рўйхатидан ўтмасдан – яъни тегишли рухсатнома ҳужжатларисиз ва лозим даражадаги давлат назоратисиз қурилаётганини аниқлади.
Текширув давомида бошқа қурилиш блокларида ишчилар хавфсизлиги таъминланмагани, айрим таянч бетон конструкцияларида бўшлиқлар, пойдеворида эса сув йиғилган жойлар мавжудлиги аниқланди.
Қурилиш ишларини тўхтатишдан ташқари, инспекторлар қурилишда йўл қўйилган қисмларни бузиш, дренаж тизимини ўрнатиш ва қурувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрсатма бердилар.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев май ойида бўлиб ўтган йиғилишда қурилишда сифат ва хавфсизлик устувор бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. Ўшанда Ўзбекистонда сейсмик хавфсизлик тизимини яхшилаш доирасида хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда биноларни текшириш амалиётини жорий этиш топширилган эди.