Ўзбекистон ҳукумати Sea Breeze лойиҳаси бўйича «қатъий шартлар» қўйди — экология вазири маслаҳатчиси

Ўзбекистон ҳукумати Чорвоқдаги Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси инвесторига қатъий шартлар қўйди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги ойларда энг кўп муҳокама қилинган Sea Breeze лойиҳаси бўйича ҳукумат қарори қабул қилиниши кутилмоқда.

Жамоатчиликнинг Чорвоқ сув омбори яқинида курорт қурилишига билдирган эътирозларини инобатга олган ҳолда, компанияга бир қатор шартлар ва мажбуриятлар юкланган.

«Қўйилган шартлардан бири Чорвоққа ва Чирчиқ дарёсига сув оқизишга умуман йўл қўймасликдир. Бу лойиҳа учун инвестор замонавий сув тозалаш ва сувни такрорий ишлатиш тизимини яратиши шарт ва барча харажатларни ўз ҳисобидан қоплаши керак», — деб ёзди Кушербаев ўз каналида.

«Лойиҳада агар қоидалар бузилса ва ҳатто бир томчи сув Чорвоққа тушса, қурилиш тўхтатилиши, инвестиция шартномаси бекор қилиниши ва ер участкаси олиб қўйилиши қатъий белгилаб қўйилган», — деди.

Вазир маслаҳатчисининг айтишича, Бош прокуратура курорт ҳудудида барча шаҳарсозлик ва экологик талабларга риоя этилишини алоҳида назоратга олади.

«Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура бутун жараённинг — лойиҳани ишлаб чиқишдан тортиб, объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган шаффофлиги ва қонунийлиги учун жавобгар бўлади», — дея қўшимча қилди.

2024 йил декабрь ойида озарбайжонлик тадбиркор Эмин Агаларов Президент Шавкат Мирзиёевга Чорвоқда «Sea Breeze Uzbekistan» мавсумий курортини қуриш лойиҳасини тақдим этган эди. Қайд этилишича, 500-700 гектар майдондаги марказ дам олиш масканлари, пляжлар, спорт майдончалари, меҳмонхоналар, коттежлар ва турар-жой мажмуалари, шунингдек, дўконлар, ресторанлар, мактаблар, аквапарк, дам олиш боғларини ўз ичига олади.

Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси жамоатчилик томонидан фаол муҳокамаларга сабаб бўлди. Фаоллар ва экологлар курорт мажмуасининг Тошкент учун асосий ичимлик суви манбаи бўлган Чорвоқ сув омбори экологик тизимига эҳтимолий таъсири, сувдан фойдаланишда юзага келиши мумкин бўлган чекловлар, инфратузилмага тушадиган юкнинг ортиши ва шаффофликнинг йўқлигидан хавотир билдирмоқда.

Танқидларга жавобан, Agalarov Development ўзбекистонлик журналистлар учун Бокудаги Sea Breeze курортига пресс-тур уюштирди.

Экология вазири Азиз Абдуҳакимов аввалроқ Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси ҳали тасдиқланмагани ва вазирлик бу бўйича ҳеч қандай расмий ҳужжат олмаганлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, агар лойиҳа белгиланган тартибда тақдим этилса, у кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва барча экспертизалар якунланмагунча бу ҳудудда қурилиш бошлаш мумкин эмас.