
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 августдаги қарори билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омбори соҳилида «Sea Breeze Uzbekistan» мавсумий курорт мажмуасини яратиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тасдиқланди. Бундан тахминан бир ҳафта олдин экология вазири Азиз Абдуҳакимов лойиҳа ҳали тасдиқланмаганини айтган эди.
Энг яхши таклифларни танлаш
Ҳужжатга (ВМҚ №490) кўра, Инвестицияларни жалб этиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш бўйича ҳукумат комиссияси 577 гектар майдонда лойиҳани амалга ошириш учун энг яхши таклифни танлаб, Озарбайжоннинг Agalarov Development иштирокида ташкил этилган Sea Breeze Uzbekistan компаниясини ғолиб деб топди. Яна қандай таклифлар кўриб чиқилгани ҳақида хабар берилмаган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 5 млрд долларга баҳоланмоқда.
Бош режани тезкор ишлаб чиқиш учун Буюк Британиянинг Scott Brownrigg архитектура компанияси жалб этилган ва ҳужжатда қайд этилишича, амалий ишлар аллақачон бошланган.
Тошкент вилояти ҳокимлигига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда қарор иловасида кўрсатилган участкалар бўйича мулк, ижара ва фойдаланиш ҳуқуқларини босқичма-босқич бекор қилиш, кейинчалик бу ҳудудларни бўш ерлар сифатида ҳисобга олиш топширилди.
25 йилга пасайтирилган нархда тўғридан-тўғри ижара
Ер тоифаси ўзгартирилиб, туман ҳокимлиги тасарруфига ўтказилгандан сўнг, участкалар Sea Breeze Uzbekistanга 25 йил муддатга узайтириш ҳуқуқи билан тўғридан-тўғри ижарага берилади.
Номи кўрсатилмаган баҳолаш ташкилоти ижара қийматини 1,7 трлн сўмга (133,2 млн доллар) баҳолаган. Бироқ, инвестор ижара ҳуқуқи учун 17 млрд сўмни (1,3 млн доллар) 5 йил муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш мажбуриятини олади. Бу сумма ижаранинг бозор қийматига пасайтирувчи коэффициент қўллаш орқали аниқланган.
Инвесторга ҳудудни лотларга бўлиш ва тасдиқланган бош режа ва қонунчиликка мувофиқ бошқа шахсларга иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқи берилган.
Курорт қурилиши лойиҳасини 2025-2035 йиллар давомида амалга ошириш режалаштирилган.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва «Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси дирекцияси 2 ой ичида ушбу ҳукумат қарори билан белгиланган шартлар асосида Sea Breeze Uzbekistan билан инвестиция шартномаси тузиши керак.
Ҳукумат шартлари ва инвесторнинг эксклюзив ваколатлари
Ҳужжатга кўра, шартномада экологик талабларга қатъий риоя қилиш, жумладан, чиқинди ва оқова сувларни Чорвоқ сув омбори ва Чирчиқ дарёсига ташлашни тақиқлаш, шунингдек, оқова сувларни Чирчиқ шаҳрининг тозалаш иншоотларига йўналтириш назарда тутилади. Бу шартлар бузилса, лойиҳа тўхтатилиши ва ер ижараси бекор қилиниши учун асос бўлади.
Шу билан бирга, аввалроқ экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳукумат инвестор олдига лойиҳа доирасида сувни қайта ишлаш ва такрорий фойдаланиш тизимини қуриш мажбуриятини қўйишини таъкидлаган эди.
Инвесторга лойиҳа доирасида қуйидаги эксклюзив ваколатлар берилди:
- соҳавий режалар ва манзилли дастурларни ишлаб чиқиш;
- истисно тариқасида, 2029 йил 31 декабргача лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш билан бир вақтда қурилиш ишларини олиб бориш;
- ҳудудни режалаштириш ва қурилиш объектларига қўйиладиган талабларни мустақил равишда тасдиқлаш;
- коммунал бошқарув, маркетинг, баҳолаш, геология-қидирув ва бошқа соҳаларда хизматлар мажмуасини кўрсатиш;
- курорт ҳудудидаги коммунал хизматлар учун тарифларни Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда белгилаш;
- курорт қурилиши даврида инвесторларга шартнома асосида сервис, санитария-гигиена, муҳандислик-коммуникация хизматларини кўрсатиш, шунингдек, уларни транспорт инфратузилмаси ва ёрдамчи объектлар билан таъминлаш;
- ер участкаларини бош режа асосида ҳамда Ер кодекси талаблари доирасида ҳар бир участка бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни нотариал тасдиқлаш орқали топшириш (иккиламчи ижарага бериш).
Шунингдек, Sea Breeze Uzbekistan қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
- бош режа ва бошқа ҳужжатларни халқаро амалиётлар ва экологик талаблар асосида етакчи лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда ишлаб чиқиш;
- инвесторларни танлаш ва улар билан музокаралар олиб бориш, улар билан келишувлар тузиш ҳамда инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш;
- курорт ҳудудида лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишларини олиб боришда алоҳида техник шартларга риоя қилиш бўйича келишувлар тузиш ва уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш;
- замонавий турар-жой мажмуалари қурилишига кўп тажрибага эга маҳаллий ва хорижий компанияларни жалб қилиш, уларга замонавий усуллар, энергия тежамкор технологиялар ва қурилиш материалларини қўллаш бўйича мажбурий кўрсатмалар бериш;
- Ўзбекистон ва хорижда кенг кўламли реклама кампаниясини ташкил этиш;
- муҳандислик ва транспорт тармоқларини ривожлантириш учун инфратузилма йиғимларини тўлаш.
Ерлар олиниши
Тошкент вилояти ҳокимлиги Sea Breeze Uzbekistan билан биргаликда иловада кўрсатилган участкалар бўйича ер ҳуқуқларининг бекор қилинишини таъминлаши ва уларни бўш ерлар сифатида ҳисобга олиши керак.


Шундан сўнг Бўстонлиқ тумани ҳокими ва Sea Breeze Uzbekistan ўртасида қарор ва инвестиция шартномасига мувофиқ ижара шартномалари тузилиши режалаштирилмоқда.
Ер эгалари ва ижарачиларнинг зарарлари инвестор томонидан ҳокимликнинг маҳаллий бюджетига ажратиладиган 5 млн доллар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Инфратузилма йиғими
Барча ижарачилар ёки иккиламчи ижарачилар қурилаётган майдоннинг ҳар бир квадрат метри учун 50 доллар миқдорида инфратузилма йиғимини қурилиш ҳажмига мутаносиб равишда тўлаши шарт.
Маблағлар объектлар фойдаланишга топширилгунга қадар «Чорвоқ» туристик-рекреацион зонаси дирекциясининг ғазна ҳисоб рақамига ўтказилади.
Бу йиғимлардан тушган маблағлар ҳисобидан дирекция беш йил давомида қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришини йўқотганлик учун компенсация тўлайди.
Худди шу маблағлар, шунингдек, туристик инфратузилмани ривожлантириш фонди ижтимоий объектлар, муҳандислик тармоқлари, йўллар, суғориш тизимини лойиҳалаштириш ва қуриш ҳамда малакали мутахассисларни жалб қилиш учун ишлатилиши мумкин (ер ости автотураргоҳи, техник хоналар ва бош режада кўрсатилган давлат ижтимоий объектлари бундан мустасно).
2 ҳафта ичида Sea Breeze Uzbekistan «Чорвоқ» зонаси иштирокчиси расмий мақомини олиши кутилмоқда (уларга эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари каби имтиёзлар ва преференциялар берилади).
Лойиҳа ҳудудида жойлашган ва жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари (қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди участкалари бундан мустасно) Sea Breeze Uzbekistan томонидан уларнинг эгалари билан келишув асосида сотиб олиниши керак.
Қўшимча инвесторларни жалб қилишга рухсат берилган.
Тасдиқланган бош режа ва соҳавий жадвалда назарда тутилган қурилиш муддатлари бузилган тақдирда ва аниқланган қоидабузарликлар расмий хабарнома юборилган кундан бошлаб 12 ой ичида бартараф этилмаса, ер участкалари ижара (ёки иккиламчи ижара) шартномалари компенсациясиз бекор қилинади.
Қурилишнинг кейинги босқичлари учун захирага олинган участкаларда ердан фойдаланиш тартиби бузилган ҳолатлар аниқланса, бундай участкалар олиб қўйилади. Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш учун қилинган харажатлар қопланмайди.
Инфратузилма учун кредитлар
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига 2026 йил 1 январгача қуйидагиларни қуриш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида халқаро кредитлар ва инвестицияларни жалб қилиш топширилди:
- автомобиль йўллари;
- сув таъминоти ва оқова сув тизимлари;
- электр тармоқлари, газ таъминоти ва алоқа;
- шунингдек, Чорвоқ сув омбори орқали вантали кўприк.
Шундай қилиб, кўприк ва канализация тизимини қуриш мажбурияти ҳукумат зиммасида бўлади.
Экологик назорат ва дарахтларни кесиш / кўчириш
Sea Breeze Uzbekistanнинг мурожаатига кўра, яшил ҳудудларни кесиш ва қайта тиклаш бўйича ишлар Яшил майдонларни кўпайтириш ва чўлланишга қарши курашиш агентлиги тасарруфидаги ихтисослашган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Экология вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги биргаликда сувни муҳофаза қилиш зоналари ва санитария ҳудудларига қўйиладиган талабларга риоя этилишини таъминлаши, муҳофаза этиладиган табиий объектларда, сувни муҳофаза қилиш ва санитария зоналарида қурилиш ишларига йўл қўймаслиги, сув омборига оқова сувларни ташлаш устидан қатъий назорат ўрнатиши шарт.
Шунингдек, Бош прокуратура билан биргаликда қуйидагилар топширилди:
- маиший, саноат чиқиндилари ва оқова сувларни Чорвоқ сув омбори акваторияси ва унинг муҳофаза зонасига ташлашга йўл қўймаслик устидан доимий ва ҳар томонлама назоратни таъминлаш;
- атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, санитария-экологик меъёрларга риоя қилиш ва соғлом экологик муҳитни сақлаш бўйича «қатъий чоралар» кўриш;
- барча бино-иншоотларни, жумладан, янги қурилганларини инвентаризация қилиш, экологик меъёрларни бузадиган объектларни бартараф этиш, шунингдек, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўриш.
Бир ой ичида Экология вазирлиги ва Sea Breeze Uzbekistan компанияси лойиҳа ҳудудидаги дарахтларни инвентаризация қилиши, сўнгра уларни қимматли, унча қимматли бўлмаган ва қуриган дарахтларга ажратиши керак.
Инвесторга қуйидагиларга рухсат берилган:
- қимматли дарахтларни лойиҳа доирасида яратилаётган яшил зоналарга ёки бошқа ўрмон фонди участкаларига кўчириб ўтказиш;
- ҳар бир унча қимматли бўлмаган дарахт учун компенсация тўламасдан, уни кўчириб ўтказиш ёки ўрнига 10 тадан янги ниҳол (ёши 5-7 ёш бўлган ва тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган) экиш орқали компенсация қилиш;
- қуриган дарахтларни белгиланган тартибда кесишга рухсат бериш.
Ташкилий масалаларни тезкор ҳал қилиш учун республика ишчи гуруҳи тузилди.
Бош прокурор ўринбосари Салом Самадовга лойиҳани шаҳарсозлик ва экологик талаблар бўйича амалга ошириш устидан қатъий прокурор назоратини ўрнатиш тавсия этилди.
Агар Sea Breeze Uzbekistan ёки бошқа инвесторлар инвестиция мажбуриятларини бажармаса, ижара шартларини бузса ёки Ер кодексининг 36–37-моддаларида назарда тутилган асослар (ердан ихтиёрий воз кечиш, ижара муддати тугаши, юридик шахснинг тугатилиши, ер участкасидан оқилона фойдаланмаслик ва бошқалар) юзага келса, ер ижараси компенсациясиз бекор қилинади.
Экология вазири Азиз Абдуҳакимов 2025 йил 23 июль куни Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси ҳали тасдиқланмагани, вазирлик бу бўйича ҳеч қандай расмий ҳужжат олмаганлигини айтган эди. Унинг таъкидлашича, агар лойиҳа белгиланган тартибда тақдим этилса, у кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва барча экспертизалар якунланмагунча бу ҳудудда қурилиш мумкин эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорида экологик ёки бошқа экспертизалар ҳақида сўз юритилмаган. Ҳукумат қарори янгиланган «Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида»ги қонун кучга кирадиган санадан — 2025 йил 25 августдан олдин қабул қилинган.
2025 йил июль ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари бошлангани ҳақида видео тарқалган эди. Азиз Абдуҳакимов у ерда капитал қурилиш олиб борилмаётганини, балки намойиш участкаси сифатида экспериментал пляж жиҳозланаётганини маълум қилган эди.