
Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида канализация қудуғида уч киши газдан заҳарланиб вафот этди. Яна икки киши касалхонага ётқизилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Воқеа 2025 йил 22 май куни соат тахминан 18:30 да содир бўлган. 67 ёшли эркак ҳовлисидаги 5 метр чуқурликдаги канализация қудуғига уни тозалаш учун тушган. У йиғилган заҳарли газдан заҳарланиб вафот этган.
Унга ёрдамга келган 39 ёшли ўғли ва 46 ёшли қўшниси ҳам ҳалок бўлган. Марҳумларни олиб чиқиш учун қудуққа тушган яна икки киши ҳушини йўқотган. Қудуққа тушган барчани воқеа жойига етиб келган туман ФВБ қутқарувчилари олиб чиқишган. Жабрланган икки киши касалхонага ётқизилган. Сайхунобод тумани прокуратураси фавқулодда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказмоқда.