
Жума, 30 май куни Сурхондарё вилоятидаги Сариосиё минтақавий аэропорти Silk Avia авиакомпаниясининг илк рейсини қабул қилди, дея хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати. Тошкентдан учаётган самолёт бортида 48 нафар йўловчи билан соат 15:41 да аэропортга муваффақиятли қўнди. Анъанага кўра, ҳаво кемаси сув аркаси билан, йўловчилар эса карнай-сурнай садолари билан кутиб олинди.
Тошкент – Сариосиё – Тошкент йўналиши бўйича ATR-72-600 русумли самолётларда доимий авиақатновлар Silk Avia авиакомпанияси томонидан ҳафтасига икки марта – чоршанба ва жума кунлари амалга оширилади.
Аввал хабар қилинганидек, минтақавий аэропортда аэродромнинг сунъий қопламалари – учиш-қўниш йўлаги, рулёж йўлакчаси ва тўхташ жойлари бўлган перронда капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу ишлар якуни бўйича 29 апрель куни ҳаво дарвозаси илк техник рейсни қабул қилган эди.
Бир ой ичида 1100 квадрат метр майдонга эга ва 100 нафаргача йўловчини сиғдира оладиган янги терминал қурилиши бўйича барча ишлар якунланди.
Эслатиб ўтамиз, Сариосиё аэропорти фуқаро авиацияси учун 1995 йилда ёпилган эди. Ушбу ҳаво дарвозаси сўнгги йилларда ўз фаолиятини қайта бошлаган бешинчи минтақавий аэропорт бўлди. Бундан аввал Мўйноқ, Қўқон, Шаҳрисабз ва Зомин аэропортлари реконструкция қилиниб, очилган эди.