
Ўзбекистон Президенти фармони билан давлат раҳбари администрациясининг янгиланган тузилмасига мувофиқ унинг янги маслаҳатчилари тайинланди, дея хабар берди Президент матбуот котиби Шерзод Асадов.
Абдулазиз Ҳафизович Камилов Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
1947 йилда туғилган, СССР ТИВ Дипломатик академиясини тамомлаган. 1994-2003 ва 2012-2022 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бўлган. 2022 йил апрелдан Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, 2022 йил июндан Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили лавозимида фаолият юритган.
Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев Ўзбекистон Президентининг кадрлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори лавозимидан озод этилди.
1964 йилда туғилган, Тошкент политехника институтини, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ҳамда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. 2003-2016 йилларда Президент аппаратида ишлаган, 2016-2022 йилларда Сирдарё вилояти ҳокими, 2022-2023 йилларда Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва жойлардаги ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
Равшан Аюбович Ғуломов Президентнинг иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Президентнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.
1968 йилда туғилган, Тошкент давлат университети ва Австралия миллий университетини тамомлаган. 2001 йилдан Марказий банк раиси ўринбосари, 2004-2007 йилларда Миллий банк раисининг биринчи ўринбосари ва «Асака» банк бошқаруви раиси бўлган. 2007-2016 йилларда молия вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори. 2017-2018 йилларда Давлат рақобат қўмитаси раиси бўлиб ишлаган. 2019 йилда иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари, кейинчалик — 2023 йилгача — Президентнинг иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
Сардор Ўктамович Умрзоқов Президентнинг стратегик ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Президентнинг алоҳида топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.
1977 йилда туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ва Буюк Британиянинг Рединг университетини тамомлаган. 2019 йилдан инвестициялар ва ташқи савдо вазири, 2020 йилдан 2022 йилгача ушбу лавозимни вице-премьерлик билан бирга бажарган. 2022 йилдан 2023 йилгача, администрация раҳбари лавозими тугатилгунга қадар, Президент Администрациясига раҳбарлик қилган.
Мансурбек Полвонзода Оллоёров Президентнинг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси — Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги директори лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Президент маслаҳатчиси — Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги директори лавозимидан озод этилди.
1982 йилда туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ва Япониядаги Миллий сиёсий тадқиқотлар институтини тамомлаган. Президент маслаҳатчисининг ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича ўринбосари, шунингдек, Президент Администрациясининг ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил бўлими бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Русланбек Куролтайевич Давлетов Президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, дин ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди, шу муносабат билан Президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди.
1980 йилда туғилган, Буюк Британиянинг Уорвик университетини, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини, Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. 2017 йилдан 2022 йилгача адлия вазири бўлиб ишлаган, кейинчалик Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган.
Аввал хабар қилинганидек, Президент ўз администрациясининг янги тузилмасини тасдиқлади. Президент Администрацияси ва унинг тизимидаги ташкилотларда 284 та штат бирлиги қисқартирилди. Президент Администрацияси раҳбарининг 5 та ўринбосари лавозими киритилди, янги департаментлар ташкил этилди. Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосарлари тайинланган эди. Улар орасида Мактабгача ва мактаб таълими собиқ вазири Ҳилола Умарова ва Сув хўжалиги вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Тимур Бутунбаев бор.