
Ўзбекистонда саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳасида ягона бошқарув жорий этилмоқда. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонида кўзда тутилган.
Ушбу соҳадаги ягона ва мувофиқлаштирилган давлат сиёсати иқтисодиёт тармоқларининг ташқи омилларга боғлиқлигини камайтирган ҳолда, мамлакатда юқори технологик ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшилган қиймат занжирларини яратиш имконини бериши керак.
Янги сиёсат кичик ва ўрта бизнес субъектларини йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш занжирларига кенг жалб этишни, маҳаллий ишлаб чиқаришнинг глобал таъминот занжирларига интеграциялашувини таъминлашни, шунингдек, ишлаб чиқариш қувватларини технологик янгилаш ва халқаро сифат стандартларини жорий этишга хизмат қиладиган инновацион ёндашувларни ўзлаштиришни назарда тутади.
Янги бошқарув органи
Фармон билан Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилмоқда, унга жумладан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат харидлари соҳасидаги вазифа, функция ва ваколатлари ўтказилади.
Агентлик директори этиб Бахтиёр Халимович Хайдаров тайинланди. У Бутунжаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия ҳамда Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссиясининг доимий аъзоси бўлади.
У 2025 йилнинг июнь ойидан буён Тошкент шаҳар ҳокиминиң молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. 1989 йилда Бухорода туғилган. 2010 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган, 2012 йилда ушбу олийгоҳда магистрлик даражасини олган. Аввалроқ Президент администрациясида ижтимоий соҳадаги муҳим ташаббусларни ривожлантириш бўлими мудири бўлиб ишлаган.
Дастурлар асосидаги ишлаб чиқариш
Ҳужжат билан тармоқлар эҳтиёжи таҳлили ва хориж тажрибаси асосида маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва саноат кооперациясини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурларини қабул қилиш амалиёти жорий этилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб дастурлар драйвер соҳалар (фармацевтика, электротехника, электроника ва робототехника, автомобилсозлик, қурилиш материаллари, газ ва нефть кимёси, енгил саноат, озиқ-овқат саноати), юқори инвестициявий салоҳиятга эга базавий тармоқлар (энергетика, тоғ-кон саноати, кимё), ҳудудлар, шунингдек, агентликнинг бошқарув кенгаши қарори билан белгиланадиган бошқа соҳалар кесимида шакллантирилади.
Дастурларга киритилган лойиҳалар доирасида мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда тасдиқланган рўйхат бўйича импорт қилинадиган хомашё ва бутловчи буюмлар уч йил муддатга божхона божидан озод этилади.
Агентлик қандай ишлайди
2026 йил 1 июлдан янги агентлик Ўзбекистон ва бутун минтақа бозорларини таҳлил қилади ҳамда соҳалар кесимида миллий иқтисодиётда қўшилган қиймат занжирларини оширишга хизмат қиладиган, ўзлаштириш учун тавсия этиладиган рақобатбардош маҳсулотлар рўйхатини босқичма-босқич шакллантиради.
Тавсия этилган маҳсулотларни ўзлаштирган тадбиркорлик субъектлари билан кафолатланган харид шартномалари тузилади.
Давлат иштирокидаги йирик ва муҳим инвестиция лойиҳалари бўйича миллий иқтисодиётга қўшилган қийматни комплекс баҳолаш амалиёти жорий этилади. Улар бўйича давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари қўлланилади.
Агентлик маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг давлат харидларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш учун «етказиб берувчиларни ривожлантириш» (vendor development) тамойили асосида лойиҳаларни амалга оширишни ташкил этади.
У хорижий ҳуқуқ эгалари билан ҳамкорликни йўлга қўяди, уларнинг технологияларини трансфер қилиш, бренд ва товар белгиларини топширишда кўмаклашади. Бошқа томондан, агентлик тадбиркорлик субъектларига мувофиқликни баҳолаш, лицензиялаш, рухсат бериш, хабардор қилиш, санитария ва бошқа жараёнлардан ўтишда ёрдам беради.
Бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш
Кичик ва ўрта бизнес субъектларини йирик корхоналарнинг ишлаб чиқариш занжирларига жалб қилишни қўллаб-қувватлаш ва маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун агентлик ҳузурида Саноат кооперациясини ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади. 2026 йилда у Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 млн доллар эквивалентидаги маблағларни олади.
Жамғармадан тижорат банклари орқали тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш учун (10 млн долларгача) ҳамда юқори технологик маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш ва мавжуд қувватларни кенгайтиришга йўналтирилган лойиҳалар, шунингдек, айланма маблағларни тўлдириш учун (2 млн долларгача) кредит маблағлари ажратилади.
Бундан ташқари, ишлаб чиқариш технологиялари трансфери, брендлар, товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш билан боғлиқ харажатларнинг 30 фоизигача, лекин 1 млн доллардан ошмаган миқдорда субсидиялар ажратилади.
Танлов асосида саноат стартапларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача, лекин 10 млрд сўмдан ошмаган миқдорда субсидиялар — ҳар йили юқори технологик маҳсулотларнинг 10 тагача энг яхши янги лойиҳаларига ажратилади.