
«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси лавозимига тасдиқланган Абдуғани Сангинов расман жамоага таништирилди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Компанияда Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
«Йиғилишда давлат раҳбарининг топшириғига асосан соҳани ҳар томонлама ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш учун яратилган шароит ва имкониятларга қарамай, кутилган натижаларга ҳанузгача эришилмагани танқид қилинди», — дейилади хабарда.
Муаммони ҳал қилиш учун геологоқидирув ва қазиб олиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, қатъий ва самарали чораларни қўллаган ҳолда ҳар бир йўналиш бўйича фаолиятни қайта кўриб чиқиш топширилди.
Абдуғани Сангинов, шунингдек, компания тузилмасини халқаро стандартлар асосида шакллантириши, бошқарувнинг янги ёндашувларини қўллаши ва стратегик лойиҳаларни амалий натижаларга эришишга йўналтириши керак. Хорижий ҳамкорлар билан ўзаро ҳамкорлик форматини таҳлил қилиш ва молиявий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Янги раҳбардан ҳар бир топшириққа масъулият билан ёндашиш, ишда тартиб ва интизомга риоя қилиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш кутилмоқда, дейилади хабарда.
Абдуғани Сангинов қисқа муддатларда «Ўзбекнефтгаз»нинг янги трансформация стратегиясини тасдиқлаш ҳамда жамоа билан биргаликда газ қазиб олишни барқарорлаштириш ва соҳада тизимли натижаларга эришишни таъминлаш режалари ҳақида маълум қилди.
Бош вазир ўринбосари президент топшириғига биноан нефть-газ соҳасида бошқарувни кучайтириш мақсадида иқтисодиёт ва молия вазирининг нефть ва газ масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилганини билдирди. Ушбу лавозимни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафоев эгаллади.
Бу қарор соҳада тизимли ислоҳотларни амалга оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил июль ойидан буён Ўзбекистоннинг энг йирик газ қазиб олувчи компанияси — «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси лавозимида Баҳодир Сидиқов ишлаб келаётган эди.
Энергетика институти баҳосига кўра, 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистондаги тасдиқланган табиий газ захиралари 1,97 трлн кубометрни ташкил этган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда қазиб олиш ҳажми камаймоқда — ўтган йил якуни бўйича 44,6 млрд кубометр (тўққиз ой якунлари бўйича 32,2 млрд кубометр, -4,4%). 2019 йил (59,4 млрд) билан солиштирганда пасайиш 14,9 млрд кубометрни ташкил этди.
2025 йилнинг 10 ойи давомида ишлаб чиқариш 35,5 млрд кубометрни ташкил этди (-4,8% ёки 1,8 млрдга кам).
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аввалроқ Ўзбекистон 2026 йилда янги конлар ҳисобига газ қазиб олишнинг кўп йиллик пасайишини барқарорлаштиришни режалаштираётганини маълум қилган эди. Бунда Мўйноқ туманидаги мамлакатнинг энг юқори дебитли қудуғи бурғиланган янги кон ёрдам бериши керак.