
Ўзбекистон Адлия вазирлиги концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобга олиш тизимини соддалаштиришни назарда тутувчи президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Ҳужжат ижрочилар ва ижодий жамоалар учун шаффоф иш шароитини яратиш, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва бюджетга тушумларни кўпайтиришга қаратилган.
Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб концерт фаолияти билан боғлиқ барча хизматлар солиқ органларининг «Soliq» мобил иловасида рўйхатдан ўтказилиши керак бўлади. Унда ижрочилар хизмат кўрсатиладиган жой ва санани кўрсатадилар, тўлов амалга оширилгандан сўнг эса электрон маълумотнома автоматик равишда шакллантирилади.
Ўтиш даврида — 2029 йил 1 январгача — «битта хизмат — битта тўлов» тамойилини жорий этиш таклиф қилинмоқда: ижрочилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини илова орқали белгиланган миқдорда тўлайдилар. Меҳнат шартномаси асосида фаолият юритиладиган ҳолатлар бундан мустасно.
ЖШДС бўйича «битта хизмат — битта тўлов» миқдори ижрочилар учун (2026 йил 1 сентябрдан 2029 йил 1 январгача) хизмат турига қараб белгиланади. Тўлов хизмат бепул кўрсатилган тақдирда ҳам ундирилади, фақат ижрочилар маданият вазирлиги йўналиши бўйича давлат тадбирларига бепул жалб қилинган ҳолатлар бундан мустасно.
«Хизмат» деганда ресторан, бар, кафе ва шахсий хонадонлардаги тадбирларда, жумладан, юбилейлар, тўйлар (ФҲДЁ органларидаги маросимлар, ош бериш, никоҳ тўйи, келин салом), суннат тўйлари, шунингдек, кўнгилочар масканлар — клублар, дискотекалардаги чиқишлар (хонандалар, созандалар, раққослар, бошловчилар, шоуменлар, дижейлар, овоз операторлари, маъмурлар ва бошқалар) тушунилади.
Лойиҳада ушбу соҳадаги якка тартибдаги тадбиркорлар учун амалдаги айланмадан олинадиган солиқ тўлаш тартибидан воз кечиш ҳам кўзда тутилган. Бунда маълумотларни иловага киритмаслик ва белгиланган тўловни тўламаслик лицензия талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.
2029 йилдан бошлаб солиққа тортишнинг янги моделига ўтиш режалаштирилмоқда: солиқ шартнома қийматидан келиб чиқиб, лекин белгиланган минимал миқдордан кам бўлмаган ҳолда ҳисобланади. Бунда солиқларни ҳисоблаш ва ўтказиш, шунингдек, ҳисоботларни топшириш солиқ органлари томонидан автоматик равишда, жумладан, маблағларни банк карталаридан ечиб олиш имконияти билан амалга оширилади.
Ҳужжатда бир қатор енгилликлар ҳам кўзда тутилган. Хусусан, йиллик даромаднинг 30 фоизини тасдиқловчи ҳужжатларсиз харажат сифатида ҳисобга олиш, агар ҳақиқий харажатлар ушбу даражадан ошса, даромаднинг яна 10 фоизини чегириб ташлаш таклиф этилмоқда. Лицензия учун давлат божи ва ижтимоий солиқ ҳам харажатлар сифатида қаралади.
Рақамлаштириш бўйича алоҳида блок мавжуд. 2026 йил 1 сентябргача «Soliq» иловасида махсус модуль жорий этилиб, у шартномаларни соддалаштирилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш, тадбирларни онлайн банд қилиш, электрон ҳамёнлар орқали тўлов қилиш, хизматлар рўйхатини текшириш ва қоидабузарликлар ҳақида хабар бериш, ўртача нархлар каталогини шакллантириш ҳамда ижрочиларнинг прайс-листларини эълон қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, солиқ интизоми ва шартномаларнинг бажарилиши асосида ижрочилар рейтингини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Жавобгарлик чоралари ҳам белгиланган. Агар хизматлар иловада рўйхатдан ўтказилмаса ва тўлов амалга оширилмаса, бу солиқ солинадиган базани яшириш деб баҳоланади. Бунинг учун шартнома ўртача қийматининг 20 фоизи миқдорида, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан (8,24 млн сўм) кам бўлмаган жарима кўзда тутилган. Қоидабузарлик ҳақида хабар берган фуқароларга ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўлаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, ижрочилар фаолияти устидан — жумладан, ресторанлар, концерт заллари, тўйлар ва бошқа тадбирларда — Маданият вазирлиги ва солиқ органлари иштирокида назоратни кучайтириш таклиф қилинмоқда.
2029 йил 1 январдан бошлаб концерт-томоша соҳасидаги ҳисоб-китобларни тўлиқ нақд пулсиз шаклга ўтказиш режалаштирилган.
2025 йилнинг апрель ойида Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев 2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда артистлар учун даромадларни декларация қилиш ва солиққа тортиш тартиби кучайтирилиши ҳақида хабар берган эди. Унгача бўлган вақт ичида уларга декларацияларни санкцияларсиз тўғри топшириш имконияти берилади.