
Туркия авиакомпаниялари самолёт тўлиқ тўхтагунча ва хавфсизлик камарларининг сигнал чироғи ўчмагунча ўрнидан турган йўловчиларни жаримага тортади, деб хабар беради BBC News.
Янги қоидалар 2025 йил май ойи бошида Туркия Фуқаро авиацияси бошқармаси (SHGM) циркулярида пайдо бўлди. Турк ОАВ маълумотларига кўра, жарима миқдори тахминан 70 долларни ташкил этади.
Регулятор сўнгги пайтларда ўрнидан туриб, йўлакка чиқаётган, юк бўлимларини очаётган, шу орқали йўловчилар/юклар хавфсизлигига таҳдид солаётган, шунингдек, бошқа йўловчиларнинг чиқиш устунлигини эътиборсиз қолдираётган йўловчилар сонида “жиддий ўсиш” кузатилганини қайд этди.
Авиакомпаниялар йўловчиларни лайнер қўнганидан кейин қоидаларга риоя қилмаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантиради. Эълонда шундай дейилади: “Қоидаларга риоя қилмаган йўловчилар Фуқаро авиацияси бошқармаси дирекциясига хабар қилинади ва амалдаги ҳуқуқий нормаларга мувофиқ уларга маъмурий жарима солинади”.
Turkish Airlines аллақачон қўниш ҳақидаги эълонини янгилади, деб ёзади Euronews.
Нодавлат Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) ҳисоботига кўра, 2023 йилда йўловчиларнинг интизомсиз хатти-ҳаракатларининг энг кенг тарқалган тури борт кузатувчиларининг кўрсатмаларига риоя қилмаслик бўлган. Борт кузатувчилари, шунингдек, ўзларига ва бошқа йўловчиларга нисбатан зўравонлик, тажовузкорлик, оғзаки ҳақорат, чекиш ва бошқа бузғунчи хатти-ҳаракатларга дуч келишган. Ушбу ҳодисалар хавфсизлик муаммоларини, шунингдек, авиакомпаниялар учун жиддий иш узилишлари ва харажатларни келтириб чиқариши мумкин, дейилади ҳисоботда.