Самарқандлик бир киши хорижлик оилани 150 минг долларга АҚШга жўнатмоқчи бўлди

Тошкент шаҳрида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ходимлари томонидан катта миқдордаги пул эвазига одамларни ноқонуний йўл билан АҚШга жўнатмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси ва хорижлик фуқаронинг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

1992 йилда туғилган самарқандлик бир киши хорижлик фуқаро ва унинг оиласи (жами беш киши)ни Туркия орқали АҚШга ишга жўнатиш учун ҳар биридан 30 минг доллардан, жами 150 минг доллар талаб қилган. Гумонланувчи таниш мансабдор шахслар орқали виза ҳужжатларини расмийлаштириш баҳонасида 15 минг доллар аванс олаётган вақтида қўлга олинди.

Бошқа бир ҳолатда 2004 йилда туғилган хорижлик фуқаро бошқа бир хорижликнинг ишончига кириб, унга Буюк Британия фуқаросининг қалбаки паспортини расмийлаштириб, Туркия ва БАА орқали АҚШга 25 минг долларга жўнатиб юборишини айтган. У пулнинг ярмини — 12,5 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинди.

Гумонланувчининг хонадонидан ашёвий далил сифатида қалбаки паспортлар ва ID-карталар топилди.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда содир этилган фирибгарлик) ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) орқали 28-модда (жиноят иштирокчилигининг турлари) билан жиноят иши қўзғатилди.