Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 07/02/2026

Самарқандда қизни «адашиб» ўғирлаб кетган эркаклар беш йилга озодликдан маҳрум этилди

Самарқандда вояга етмаган қизни ўғирлаб кетган тўрт нафар эркак жиноий жавобгарликка тортилди, деб ёзмоқда Kun.uz суд ҳукми билан танишиб.

Иш материалларига кўра, 1995 йилда туғилган Б. Х. 2025 йил 6 август куни эрталаб танишлари — 29 ёшли М. М., 28 ёшли А. М. ва 24 ёшли У. З. билан олдиндан тил бириктириб, вояга етмаган қизни ўғирлаб кетган.

Ўша куни эрталаб улар А. М. бошқарувидаги Nexia автомобилида Каттақўрғон тумани ҳудудида кетаётганда йўлни кесиб ўтаётган қизни кўриб қолишган. Қиз йўлнинг қарама-қарши томонида жойлашган дўконга нон сотиб олиш учун кетаётган бўлган.

Б. Х. ва У. З. қизнинг олдига бориб, уни уришган ва сочидан тортиб, мажбурлаб машинага ўтқазиб, олиб кетишган. Бироқ бироздан кейин қизни ўша жойга қайтариб ташлашган.

Б. Х. ва унинг шериклари судда айбларига тўлиқ иқрор бўлишган, лекин «адашиб қолганликларини» билдиришган.

Унинг сўзларига кўра, воқеадан олдинги оқшом у дўстларини «ўтириш» учун йиққан. Пиво сотиб олиб, Нарпай канали бўйига боришган ва тонг саҳар пайтигача ичишган.

«Тонг ота бошлагани учун У. З. уйига кетиш кераклигини айтди. А. М. уни уйига ташлаб қўйишини ва йўл-йўлакай машинага газ қуйиб олишини айтди. Ҳаммамиз машинага ўтирдик. Навбаҳор маҳалласидаги „Азизбек“ чойхонаси ёнидан ўтаётганимизда, йўлнинг ўнг томонида бизга нотаниш бўлган қизни кўриб қолдик. Шунда У. З.: „Машинани тўхтатинглар, бу менинг танишим, тунги клубларда юрадиган қиз“, деди», — деб ҳикоя қилди судда Б. Х.

«Ҳаммамиз маст бўлганимиз учун У. З. айтган қиз билан жинсий алоқада бўлишни хоҳладик. А. М. машинани қизнинг ёнида тўхтатди. Мен машинадан тушдим. Ўша вақтда қиз йўлнинг нариги томонига ўтаётган эди. Мен унинг орқасидан бориб, қўлидан ушладим ва машина томон тортдим. У қаршилик кўрсатиб: „Мен сизлар ўйлаган қизлардан эмасман, мени қўйиб юборинглар“, деди. Машинадан У. З. ҳам тушди. Кейин биз қизнинг иккинчи қўлидан ҳам ушлаб, куч ишлатиб машинага ўтқаздик», — деди Б. Х. судга.

Машинага мажбурлаб ўтқазилган ўсмир қиз йиғлаб, уни қўйиб юборишларини сўраган, онаси нонга чиқарганини айтган ва ёнидаги 8 минг сўм пулини кўрсатган.

Шунда А. М. қизга ўзларини ИИБ ходимлари деб таништирган. «Бир қиз онасини ўлдириб қочиб кетган. Шунинг учун сени тўхтатиб, машинага ўтқаздик», — деган у қизга.

Б. Х. У. З.дан бу бошқа қиз эмасми, адашмадингми деб сўраган. У. З. адашганини тасдиқлаган. Шундан сўнг эркаклар қизни олган жойларига қайтариб олиб бориб, ўша ерда қолдиришган.

Қолган судланувчилар ҳам шунга ўхшаш кўрсатмалар беришган.

Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг 2025 йил 16 декабрдаги ҳукми билан улар Жиноят кодексининг 137-моддаси (Одам ўғирлаш) 2-қисми «а» ва «в» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.

Б. Х. 5,5 йилга, М. М., А. М. ва У. З.нинг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Юқори инстанция суди дастлабки ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди.

Суд ҳукмига Стратегик ислоҳотлар агентлиги қошидаги Delivery Unit офиси раҳбари Азиза Умарова муносабат билдирди.

«Уларнинг гўёки уни клубдаги қиз деб ўйлаганлари ҳақидаги „тушунтириши“ ҳеч қандай танқидга дош бермайди. Бу хато эмас. Бу ҳуқуқий жиҳатдан асоссиз баҳона», — деди.

Азиза Умарова вояга етмаган шахсга нисбатан гуруҳ бўлиб зўравонлик қилиш бутун дунёда энг оғир жиноятлардан бири сифатида таснифланишини таъкидлади.

«Ҳар бирига атиги беш йилдан берилди. Бу жазо эмас, балки зўравонликни амалда легаллаштириш. Бундай қарорлар жамиятга тўғридан-тўғри сигнал беради: боланинг ҳаёти, танаси ва хавфсизлиги иккинчи даражали. Агар болани гуруҳ бўлиб ўғирлаш ва унга нисбатан зўравонлик қилиш учун юмшоқ жазо берилса, эртага бу яна такрорланади», — деб ёзди.