
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида содир бўлган ёнғин натижасида учта автомобилга зарар етказилди, дея хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Вазирлик маълумотига кўра, 2025 йил 10 август куни соат 22:00 да ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бошқармасига «Шайман» маҳалласида жойлашган газ қуйиш шохобчаси ҳудудида автомобиллар ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Воқеа жойига 5 та ёнғин-қутқарув экипажи чиқиб кетган ва соат 22:15 да етиб келган, соат 22:21 да ёнғинни бартараф этиб, соат 22:30 да тўлиқ ўчирган.
Ҳодиса натижасида Kia Bongo, Damas ва Gentra русумли автомобиллар зарар кўрган. Жароҳатланганлар ҳақида хабар берилмаган.
Воқеа жойига вилоят ва туман ФВБ раҳбарлари ҳам чиққан.
Яқинда Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги «Олтиндала» маҳалласида газ қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш 4 кишининг ўлимига сабаб бўлган эди. Худди шу маҳаллада бир ҳафта олдин ёнилғи сақлаш резервуаторида портлаш ва ёнғин содир бўлган.