Самарқанд ва Шаҳрисабзда фирибгарликда гумонланувчилар қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, Самарқандда геологик хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи хусусий компания директори жиноят устида қўлга олинди.

ДХХ маълумотларига кўра, у маҳаллий аҳолидан бирининг ишончига кириб, аввал кон-саноат ва геология вазирлигида масъул лавозимларда ишлагани, шунингдек, Самарқанд ва Жиззах вилоятларидаги олтин рудаси конларининг геологик қидирув ишлари давомида олинган махфий геологик харитаси ва фотосуратларига эга эканини айтган. Ушбу материаллар учун у 25 минг доллар талаб қилган.

Эркак 10 минг долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Хулосага кўра, у таклиф қилган маълумотлар махфий эмас.

Бошқа ҳолатда, Шаҳрисабз газ тақсимлаш станцияси оператори фуқародан «Ўзтрансгаз» тизимидаги ташкилотлардан бирига ўзининг гўёки юқори лавозимдаги алоқалари орқали назоратчи лавозимига ишга жойлаштириш учун 4000 доллар талаб қилган. У талаб қилинган суммани олаётганда қўлга олинган.

Мазкур шахсларга нисбатан жиноий иш очилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.