
20 июлдан бошлаб Самарқанд ва Душанбе ўртасида мунтазам авиақатновлар қайта тикланди, дея хабар берди Тожикистон Фуқаро авиацияси агентлиги. Бу йўналишдаги парвозлар 2018 йил август ойида тўхтатилган эди.
Рейсларни Ўзбекистоннинг Centrum Air авиакомпанияси пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширмоқда. Чипта нархлари 608 минг сўмдан бошланади.
2025 йил 19 июль куни айни шу авиакомпания Тошкент — Душанбе йўналиши бўйича рейсларни йўлга қўйди. Парвозлар чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилмоқда, чипта нархи 653 минг сўмдан бошланади.
Парвозлар Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида 2018 йил 9 мартда имзоланган ҳаво қатнови тўғрисидаги битимга мувофиқ амалга оширилмоқда.
Asia Plus ёзишича, Тожикистон ҳукумати Душанбе, Хўжанд, Кўлоб ва Бохтар халқаро аэропортларида «Очиқ осмон» сиёсатини жорий этилганини расман эълон қилди. Бу ҳақдаги қарорни президент Эмомали Раҳмон 2025 йил 12 июнь куни имзолади.
Ҳужжат илгари хорижий авиакомпаниялар рейслари сонини миллий ташувчилар билан тенглаштириб, чеклаган паритет тамойилини бекор қилади. Янги қоидалар рейслар частотаси, ўриндиқлар сони, ҳаво кемалари ҳажми ва тарифлари бўйича барча чекловларни олиб ташлайди.
ЎзА маълумотларига кўра, Тошкент — Душанбе йўналиши бўйича рейсларни Uzbekistan Airways ва Somon Air авиакомпаниялари ҳам бажармоқда.
Ўзбекистон ва Тожикистон шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар 1992 йилда тўхтатилган ва фақат 2017 йилда қайта тикланган эди. Узоқ танаффусдан кейинги биринчи Душанбе — Самарқанд рейси 2018 йил июль ойи охирида амалга оширилган, аммо ўша йилнинг август ойи охиридаёқ тўхтатилган эди. Ўшанда Tajik Air авиакомпанияси бунга парвозлар жадвалини янгилашни сабаб қилиб кўрсатган ва тез орада парвозларни қайта тиклашни ваъда қилган, аммо бу амалга ошмаган эди.