
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар минтақавий транспорт ва алоқаларни яхшилаш бўйича стратегик устувор йўналишларни белгиловчи Теҳрон декларациясини қабул қилди, дея хабар берди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати ИҲТ транспорт вазирлари йиғилиши якунлари бўйича.
“Декларацияга Ўзбекистоннинг таклифлари, жумладан, рақамли транспорт ва божхона офисини ташкил этиш ҳамда Самарқанд аэропортини ИҲТнинг авиация хаби сифатида тан олиш киритилган”, — дейилади хабарда.
Музокаралар чоғида мультимодал транспорт коридорларини такомиллаштириш, транспорт соҳасида рақамлаштиришни рағбатлантириш ҳамда чегаралараро савдо ва транзитни соддалаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йил кузида бўлиб ўтган 16-ИҲТ саммитида илгари сурилган таклифларни эслатиб ўтди. Хусусан, ташкилотга аъзо давлатларнинг транспорт-коммуникация ўзаро боғлиқлигини кучайтириш бўйича замонавий тизимларни жорий этиш мақсадида Тошкентда ташкилотнинг Транспорт ва божхона рақамли офисини ташкил этиш ҳақида сўз борди.
Саммитда Президент бошқа аъзоларни “Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия” транспорт коридорини ривожлантириш ва ўзаро тариф ва йиғимларни оптималлаштириш бўйича ҳужжатга қўшилишга чақирди.
Ушбу ташаббусни амалга ошириш учун Илҳом Маҳкамов рақамлаштириш механизмларини, жумладан, мамлакатлар ўртасида юк ва божхона ҳужжатларини ўзаро тан олишни тайёрлаш билан шуғулланадиган ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.
Қайд этилишича, вазирлар ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истагини тасдиқладилар. Инфратузилмани яхшилаш, транспорт сиёсатини уйғунлаштириш ва хусусий секторнинг минтақавий транспорт лойиҳаларида иштирокини кучайтириш учун инвестициялар зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш доирасида Ўзбекистон ва Эрон ўртасида транзит ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича Англашув меморандуми ҳам имзоланди. Ҳужжат Ўзбекистон хусусий секторининг Эроннинг энг йирик денгиз логистика маркази бўлган Шоҳид Ражаий портини ривожлантиришда иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратишни, махсус терминал ва логистика маркази қуришни назарда тутади.
Имзолаш маросимида Эрон Транспорт ва шаҳарсозлик вазири Фарзона Содиқ, Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, шунингдек, Эрон портлар ва денгизчилик ташкилоти (ЭПДО) раҳбари Саид Расулий иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аъзолари Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон.