Ўзбекистонда фойдали қазилма бойликларини рухсатномасиз қазиб олганларга қарши жазо кучайтирилди. Аввал ушбу ҳаракат учун жарима кўзда тутилган бўлса, энди қайта қонунбузарлик (шу жумладан, олтин қазиб олиш) учун қамоқ жазосигача қўлланилиши мумкин. 28 октябрда президент томонидан имзоланган қонун орқали ўзгартиришлар киритилди.
Ўзгартиришлар киритилганга қадар, рухсатномасиз фойдали бойликларни қазиб олиш ишларини амалга оширган фуқаролар 30-50 базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ), мансабдор шахслар – 50-100 БҲМ қийматида жаримага тортилган. Қайта ушбу қонунбузарликни амалга оширган фуқароларнинг, ушбу қонунбузарликни амалга оширишда фойдаланилган мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиш, фуқаронинг ўзига 50-70 БҲМ, мансабдор шахсларга эса 100-150 БҲМ миқдорида жарима белгиланган.
Эндиликди биринчи марта қонунбузарликни амалга оширган фуқаролар 50-70 БҲМ, мансабдор шахслар эса 100-150 БҲМ миқдорида жарима тортилади ва қонунбузарликни амалга оширишда қўлланилган мулки мусодара қилинади.
Жиноий кодекснинг 196-1 бандига кўра, ўзгартиришлардан сўнг ушбу қоидабузарликни қайта амалга оширган шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, яъни 100 дан 300 гача БҲМ жарима, 360 соатгача жамоат ишларида хизмат қилиш, 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.
Агар бундай ҳаракатлар катта зарар ёки уюшилган жамоа томонидан амалга оширилса, жарима 300 дан 500 та БҲМ миқдорида, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки маҳрум қилиш қўлланилиши мумкин. Зарар ўта катта миқдорда етказилган бўлса, 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.