Рустам Қосимжонов Ўзбекистон шахмат бўйича эркаклар терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди

Халқаро гроссмейстер, 2004 йилда Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) талқини бўйича жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов Ўзбекистон шахмат бўйича эркаклар миллий терма жамоасининг бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда Шахмат федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

«Рустам Қосимжонов — ўзбек шахматининг фахри, чуқур билим ва катта халқаро тажрибага эга мутахассис. У нафақат дунёнинг энг кучли гроссмейстерларидан бири, балки юқори халқаро даражадаги шахматчилар билан ишлаган мураббий сифатида ҳам танилган», — дейилади хабарда.

Унинг раҳбарлигида терма жамоа олдида турган устувор вазифалар қаторига қуйидагилар киради:

  • халқаро майдонда барқарор натижаларни мустаҳкамлаш;
  • ёш шахматчиларни тайёрлашнинг замонавий тизимини жорий этиш;
  • энг йирик халқаро турнирларга сифатли тайёргарлик кўриш.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил сентябрь ойида Самарқандда Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бўлиб ўтади.