Рўйхатдан чиқарилмаган автомобилни утилизация қилиш учун жарима киритилиши таклиф этилмоқда

Ўзбекистонда утилизация қилинган, аммо рўйхатдан чиқарилмаган автомобилларнинг давлат рақамларидан ноқонуний фойдаланишга қарши курашни кучайтириш ниятидалар. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) томонидан тайёрланган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тузатишлар лойиҳасида айтилган.

Кодексга утилизация қилиниши ёки кейинчалик сотиш мақсадида қисмларга ажратилиши лозим бўлган транспорт воситаларини ҳисобдан чиқариш тартибини бузганлик учун 125-4-модда киритилиши таклиф этилмоқда.

Транспорт воситасини (ТВ) рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси ва давлат рақамини топширмасдан, рухсат этилмаган утилизация ёки сотиш мақсадида қисмларга ажратганлик учун:

  • Жисмоний шахсларга 5 базавий ҳисоблаш миқдорида (2 млн сўм) жарима;
  • Мансабдор шахсларга 10 БҲМ (4 млн сўмдан ортиқроқ) жарима солиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасига илова қилинган маълумотномага кўра, 2024 йил давомида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан давлат рўйхатидан чиқарилмаган ва автомастерхоналарда ноқонуний сақланаётган 4609 та давлат рақами ва рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси аниқланган.

Фуқароларнинг нотариал ишончнома ёки умуман ҳужжатларсиз транспорт воситаларини сотиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Баъзан одамлар яроқсиз автомобилларни ҳисобдан чиқармасдан утилизацияга топширадилар, бунда давлат рақамлари ноқонуний равишда бошқа машиналарга ўрнатилади ва уларда ҳуқуқбузарликлар содир этилади, жарима қарорлари эса аввалги эгаларига юборилади. Ўтган йили ЙҲХБга бундай 3085 та ҳолат бўйича мурожаат келиб тушган.

Баъзи фуқаролар автомастерхоналардан давлат рақамларини топиб, ўз автомобилларига ўрнатиб, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни содир этмоқдалар, дейилади маълумотномада.

Мисол тариқасида, фуқаро М.Ш. давлат рақамини ўз Malibu автомобилига ноқонуний ўрнатиб, умумий қиймати 70 млн сўмдан ортиқ бўлган қоидабузарликларни содир этган ҳолат келтирилган.

«Қонунчиликка ушбу қўшимчанинг киритилиши фуқаролар ва давлат манфаатларига етказиладиган зарарнинг, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг содир этилишининг олдини олиш имконини беради», — дея қайд этади тузатишлар муаллифлари.

Бошқа бир тузатиш билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасига (тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиш) юк автомобилларини йўл ёқасида тўхтатганлик ёки қолдирганлик учун жарималар билан тўлдириш таклиф этилмоқда (айрим ҳолатлардан, масалан, носозликдан ташқари). Таклиф этилаётган жарима — 5 БҲМ.

Бу, йўл ёқасида тўхтаган юк машиналари сабабли юзага келадиган тирбандликларнинг олдини олишга, шунингдек, тунги вақтда авариялар сонини камайтиришга имкон бериши қайд этилган.

Изоҳда, 44 тонналик юк машиналарининг йўл ёқасида ва қатнов қисмида тўхташи тирбандликларга, шунингдек, тунги вақтда оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келиши айтилган.