ЕИ Россияга қарши 19-санкциялар пакетини эълон қилди

Европа комиссияси Украинага бостириб кириш муносабати билан Россияга қарши 19-санкциялар пакетини қабул қилди.

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйеннинг сўзларига кўра, янги пакет энергетика секторидаги санкцияларни ўз ичига олади ва молиявий «бўшлиқларни» ёпишга қаратилган.

Энергетика сектори:

  • Россиянинг суюлтирилган гази импортини тақиқлаш;
  • Россиянинг «соя флоти»га тегишли яна 118 та кема санкциялар рўйхатига қўшилди;
  • «Роснефть» ва «Газпромнефть» билан битимлар тузишни тўлиқ тақиқлаш;
  • Санкцияларни четлаб ўтиб, Россия нефтини сотиб оладиган, шу жумладан Хитойдаги заводлар, трейдерлар ва учинчи давлатлардаги компанияларга нисбатан санкциялар.

«Уч йил ичида Россиянинг Европадаги нефть даромадлари 90 фоизга камайди. Энди биз бу саҳифани бутунлай ёпмоқдамиз», — деди Фон дер Ляйен.

Молиявий «бўшлиқлар»:

  • Қўшимча бир қатор Россия банклари, шунингдек, РФ санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланадиган учинчи давлатлардаги банклар билан транзакцияларни тақиқлаш;
  • Криптобиржалар фаолиятини чеклаш ва криптовалюталардаги транзакцияларни тақиқлаш;
  • Махсус иқтисодий зоналардаги транзакцияларга чекловлар қўйиш.

Шунингдек, ЕИ фикрича, Россиянинг ҳарбий-саноат комплексига тўғридан-тўғри ёки билвосита ёрдам кўрсатаётган Россия ва учинчи давлатлардан бўлган 45 та компания санкциялар рўйхатига киритилди.

Банклар ва компанияларнинг номлари ҳали эълон қилинмаган.

ЕИнинг аввалги, 18-санкциялар пакети июль ойида қабул қилинган эди.