
Андижон вилояти Бўстон тумани жиноят ишлари бўйича суди 2026 йил 6 февраль куни Россия томонида Украинага қарши урушда иштирок этган 24 ёшли фуқарога нисбатан ҳукм эълон қилди.
Иш материалларига кўра, судланувчи О. Х. 2025 йилнинг апрель ойида Россия қуролли кучлари билан шартнома имзолаб, ҳарбий хизматга кирган. У Варожник шаҳридаги ҳарбий ўқув полигонида жанговар тайёргарликдан ўтган ва қурол билан ишлашни ўрганган, шундан сўнг май ойида Луганскдаги қуролли тўқнашувларда АК-74 автоматидан фойдаланган ҳолда қатнашган.
Жанглар давомида у ўнг сони ва иккала болдиридан яраланган. 2025 йил 25 июль куни эркак Ўзбекистонга қайтган.
Айбланувчининг кўрсатмалари
Судда О. Х. 2025 йилнинг январь ойида Россияга ишлаш учун кетганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Внуковода цехда ишлаган, бироқ ҳужжат расмийлаштиришга уринганида унга депортация қилиниши ҳақида айтишган.
«Менга пул керак эди, шунинг учун аввалги жойимда ишлашда давом этдим. Кейин Домодедовода танишимнинг иши борлигини эшитдим. Унинг ёнига Истра шаҳри орқали кетаётганимда Россия ходимлари мени тўхтатиб, ҳужжатларим йўқлиги сабабли полицияга олиб боришди. У ерда қандайдир ҳужжатга қўл қўйдиришди. Уч кун турганимдан кейин мени Варожник қўрғонига юборишди», — деди судланувчи.
У ерда унга ҳарбий кийим, телефон ва банк карталари берилган, шундан сўнг у тайёргарликдан ўтиб, Луганскка юборилган.
«Аввал ҳарбий юк машинасида бордик, кейин 8 км пиёда юрдик. Нуқталардан бирида тунни ўтказдик. Эртаси куни, 2025 йил 8 майда дрон ёрдамида бизга зарба берилди. Шерикларим ҳалок бўлди, мен эса яширинишга улгурдим. Бироқ дрон ташлаган бомба портлаши оқибатида оёғимдан жароҳат олдим», — деди.
Луганскда тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг у Москвага қайтган, авиачипта сотиб олиб, Внуково аэропорти орқали Ўзбекистонга учиб келган.
Эркак айбига тўлиқ иқрор бўлди, қилмишидан пушаймонлигини билдирди ва озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради.
Суд судланувчини Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланмалик) билан айбдор деб топди. ЖКнинг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда, унга 3 йил муддатга умумий тартибли колонияда жазо ўташ шарти билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аввалроқ Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги ватандошларни чет эл қуролли кучлари сафига қўшилмасликка ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақирган, шунингдек, бу учун жиноий жавобгарлик борлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Ёзда Украинанинг «Хочу жить» лойиҳаси 2025 йил бошидан буён Россия Мудофаа вазирлиги Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун 902 нафар Ўзбекистон фуқаросини ёллаб олгани ҳақида хабар берган эди. Бундан ташқари, лойиҳа Украина асирлигида дунёнинг 33 давлатидан келган ёлланма аскарлар борлигини, уларнинг аксарияти Ўзбекистондан эканини маълум қилган.