
Россия расмийлари мамлакатда Telegram мессенжери ишини секинлаштириш бўйича чоралар кўришни бошлади, деб хабар бермоқда РБК нашри соҳадаги ва ихтисослашган идоралардаги манбаларига таяниб.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасини назорат қилиш федерал хизмати (Роскомнадзор) 2026 йил 10 февраль куни мессенжер фаолиятини қисман чеклашни режалаштирган. Манбалардан бири «секинлаштириш чоралари» аллақачон кўрилаётганини айтган.
Россиялик фойдаланувчилар 9 ва 10 февраль кунлари Telegram ишидаги муаммолардан шикоят қилишган, деб қайд этади РБК. Шикоятлар, шунингдек, январь ўрталари ва декабрь охирида ҳам кузатилган эди.
2025 йил август ойида Роскомнадзор Telegram ва WhatsApp орқали қўнғироқ қилишни чеклаган эди. Идора бу қарорни мессенжерлар «фирибгарлик, пул талаб қилиш, Россия фуқароларини диверсион ва террорчилик фаолиятига жалб қилиш учун ишлатиладиган асосий овозли хизматларга айлангани» билан изоҳлаган. 2025 йил декабрь охиридан бошлаб WhatsApp иши аллақачон 70–80 фоизга чекланган ва матнли хабарларни юборишда қийинчиликлар юзага келган эди.
Би-би-си рус хизмати РБК хабарини шарҳлар экан, гап чекловларнинг кучайиши, яъни Россияда Telegram’ни қўнғироқлардан тортиб хабарларгача тўлиқ блоклаш ҳақида кетаётганини тахмин қилмоқда. Нашр маълумотларига кўра, ҳали январдаёқ фойдаланувчилар видео ёки фотосуратлар юкланишидаги муаммолардан шикоят қилишган, ўша пайтда хабарлар ҳали ўтиб турган эди.
Роскомнадзор баёноти
Роскомнадзор Telegram’га қарши изчил чекловлар киритишда давом этади, чунки мессенжер Россия қонунчилигини ижро этмаяпти ва фуқаролар маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича чоралар кўрмаяпти.
Идора Telegram фирибгарликка қарши курашиш ҳамда ундан жиноий ва террорчилик мақсадларида фойдаланишга тўсқинлик қилиш учун реал чоралар кўрмаётганини маълум қилди.
«Шу муносабат билан, ваколатли органлар қарорига кўра, Роскомнадзор Россия қонунчилиги ижросига эришиш ва фуқаролар ҳимоясини таъминлаш мақсадида изчил чекловлар киритишни давом эттиради», — дейилади регуляторнинг РБК томонидан келтирилган баёнотида.
Россияда 2018 йил апрель ойида ҳам мессенжер фойдаланувчиларнинг хабарларини шифрдан чиқариш калитларини Россия Федерал хавфсизлик хизматига топширишдан бош тортгани сабабли Telegram’га кириш чекланган эди. 2020 йил июнь ойида Роскомнадзор блоклаш талабларидан воз кечиб, Telegram асосчиси Павел Дуров «терроризм ва экстремизмга қарши курашишга» тайёрлигини эълон қилганини билдирган эди.